Шавкат Мирзиёев “Келажак суви” дастурини ишга туширишни таклиф қилди
Жамият
−
22 Апрель 4284 5 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев асосий қисми фермерлар ва саноатчиларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга туширишни таклиф этди. Бу ҳақда у бугун, 22 апрель куни Остонада ўтказилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитидаги нутқида сўз очди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси мамлакатлар мустақиллигининг илк даврида Марказий Осиёдаги сув билан боғлиқ, ижтимоий-иқтисодий ва экологик соҳалардаги энг муҳим масалаларни ҳал этиш учун ташкил этилган ноёб минтақавий тузилма бўлиб қолмоқда. Жамғарма минтақада сифат жиҳатдан янги давлатлараро муносабатларни қарор топтириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган.
Йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик тизими туфайли жамғарма Орол денгизи ҳавзаси сув ресурсларини келишилган ҳолда бошқаришни таъминлашга эришган. Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига олиб келаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда жамғарманинг роли ва аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Экспертларнинг баҳоларига кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар – йилига 20 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавф-хатарларни юзага келтиради.
“Шундай бир пайтда мамлакатларимиз сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича энг қуйи ўринларни эгаллаб турибди. Қишлоқ хўжалигида бир доллар миқдоридаги қўшилган қийматни яратиш учун давлатларимиз деярли уч куб метр сув сарф этмоқда, дунёда эса бу кўрсаткич ўртача икки баробар кам”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Минтақада юзага келаётган вазият сув-энергетика ва экология соҳаларида пухта ўйланган ҳамда комплекс ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади.
Келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев мамлакат раислигининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берган.
Биринчи. Жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш. Яратилган пойдевор асосида жамғарманинг тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни давом эттириш, унинг органлари ваколатларини аниқ тақсимлашни таъминлаш зарур. Шу мақсадлар учун ташкил этилган минтақавий ишчи гуруҳи 15 та мажлис ўтказди. Жамғарма фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинди, унинг вазифа ва функциялари янада аниқ белгилаб олинган. Энди барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда унинг тузилмаси, норматив-ҳуқуқий база ва молиялаштириш механизмларини келишиб олиш зарур. Жамғарма органларининг ваколатларини кенгайтириш, мақоми ва масъулиятини ошириш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланади.
“Ишончим комилки, ушбу масалаларнинг барчаси бўйича оқилона муросага келамиз. Қардош Қирғиз Республикасининг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятидаги тўлақонли иштироки қайта тикланишига чин дилдан умид қиламиз. Бу жамғарманинг янада мутаносиб ва узоқ муддатли қарорлар қабул қилишига хизмат қилади”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Иккинчи. Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш. Маслаҳат учрашувлари минтақавий ривожланишнинг асосий сиёсий йўналишларини шакллантирмоқда. Шу боис, мазкур саммитлар қарорлари ва Жамғарма фаолияти ўртасида яқин алоқани таъминлаш муҳимдир. Бу каби учрашувлар давомида олий даражада келишилган барқарор ривожланишнинг устувор йўналишлари жамғарманинг тармоқ механизмлари орқали ҳам амалиётга татбиқ этилиши мумкин.
Учинчи. Жамғарма дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш. Орол денгизи ҳавзаси бўйича тўртинчи дастур доирасида 34 та минтақавий лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Афсуски, бугунги кунга қадар унинг натижадорлигини баҳолаш бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқилмаган. Шу муносабат билан Ўзбекистон дастур ижроси мониторингига самарадорликнинг ҳал қилувчи индикаторларини киритишни таклиф этади. Бу ижобий ўзгаришларни кузатиш, муаммоли жиҳатларни аниқлаш ҳамда халқаро ҳамкорлардан қўшимча маблағ ва техник кўмак жалб этишга ёрдам беради.
Тўртинчи. Жамғарманинг устувор дастурлари учун мавжуд таъсирчан молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш. Масалан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди платформасидан фойдаланишни таклиф этилади. У молиявий ресурсларни жамлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга.
“Биз Траст фондининг мандати ва географик қамровини биргаликда бутун Орол денгизи ҳавзасига кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишимиз мумкин. Бу барча давлатлар ҳудудида ҳаётий муҳим экологик ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мақсадли инвестицияларни йўналтириш имконини беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Бешинчи. Жамғарма ва бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси сув-энергетика масалалари, музликлар ва тоғ экотизимларини сақлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чўлланишга қарши курашиш бўйича самарали минтақавий платформалар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Хусусан, жамғармага Тошкентдаги Яшил университет қошидаги Чўлланишга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда мақсадли лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этилади.
Олтинчи. Минтақа халқларининг сувга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш. Агар жамиятнинг сувга бўлган муносабати ўзгармаса, ҳеч қандай муҳандислик ечимлари кутилган самарани бермайди. Узлуксиз таълим тизими орқали – мактабгача таълим даражасидан то мутахассисларни тайёрлашгача – сувдан оқилона фойдаланишни ҳар бир кишининг кундалик одатига, умумий маданий кодга айлантиришга интилиш лозим.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев асосий қисми фермерлар ва саноатчиларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга туширишни таклиф этган.
“Шуни таъкидламоқчиман: ушбу устувор йўналишларнинг барчасини ҳаётга татбиқ этиш учун халқаро шериклар, молия институтлари ва эксперт-таҳлилий тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уни иқлим, экология, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликка жалб этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратган.
“Бугунги кунда Афғонистонда қирғоқларни мустаҳкамлаш ва мелиорация ишларини олиб бориш учун халқаро донорларнинг молиявий маблағларини жалб этиш долзарбдир.
Истиқболда Орол ҳавзасидаги барча мамлакатлар, шу жумладан, Афғонистоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантириш зарур”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Остонада ўтаётган Минтақавий экологик саммитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этишни таклиф қилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти яна 7 та аниқ таклифни илгари сурди.
Live
Барчаси