Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак – Озодбек Назарбеков (видео)

Маданият-санъат

image

Аввалроқ, Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида Ўзбекистонда санъаткор ва бошловчилар ҳар бир тўй ёки концерт учун солиқ тўлаши назарда тутилгани ҳақида хабар берилган эди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков бугун, 21 апрель куни Туркистон санъат саройида бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида мазкур лойиҳа юзасидан фикр билдириб, айрим санъаткорлар саводсиз эканини айтди.

Мазкур лойиҳа эълон қилингач, санъаткор ва тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Хусусан, айрим хонандалар лойиҳа юзасидан норозилик билдирди. Озодбек Назарбеков санъаткорлар ҳали лойиҳанинг моҳиятини тушунмаётганини айтди.

“Биринчидан, у лойиҳа тасдиқлангани йўқ ва умуман мана шу банд ўртага чиққанда жуда кўп санъаткорлар юзини кўрсатиб қўйди. Биринчидан, саводсизлигини кўрсатиб қўйди, умуман солиқ ҳақида ҳеч қандай билимга эга эмаслигини кўрсатиб қўйди”, дейди вазир.

Шунингдек, у ҳозир ҳам санъаткорлар солиқ тўлаётганини қайд этган.

“Санъаткорлар ҳозир солиқ тўлаяпти. Ўртага “тўламаяпти”, деган гап чиқиб қолди, ҳаттоки тўлаётган санъаткорлар “тўламаймиз” деб чиқишни бошлади. Ўзи тўлаяпти, ҳатто ўзи тўлаётганини билмаяпти. Йўқ, ҳамма жойдан тўлаяпти, у тўйдан ҳам тўлаяпти, концертдан ҳам тўлаяпти, тўлаяпти ҳаммасидан”, дейди Маданият вазири.

Шу билан бирга, мулозим аслида мавжуд солиқ турининг қай даражада соғлом экани муҳокама қилинаётганини билдирган.

“Кўтарилаётган масала – соғломми мана шу солиқ тури, соғлом эмасми? Соғлом эмас. Ҳозирги мавжуд солиқ тури соғлом эмас. Шунинг учун буни солиқ муҳокамага қўйяптики, соғлом бир ечимини топайлик. Шунинг учун бу ерда “солиқ тўламаймиз, солиқ тўлаймизми, тўламаймизми” деган масала муҳокама бўлмаслиги керак”, дейди Озодбек Назарбеков.

Бундан ташқари, у Ўзбекистонда ҳамма солиқ тўлашини, солиқ тўламайман дейишдан ор қилиш кераклигини айтган.

“Ҳамма солиқ тўлайди, солиқ тўламайдиган одам йўқ. Бу дунёда йўқ унақа одам. Аравакаш ҳам тўлайди, ҳамма тўлайди. Солиқ тўламайман дейишга ор қилиши керак одам, унга қарши курашишга виждон қийналиши керак одамда. А бу кечириб қўясан, сен бугун тинч ухлаётганинг учун солиқнинг орқасидан ухлаяпсан, боланг мактабга бораётгани солиқнинг орқасидан боряпти. Бу сен хотиржам ухлаб, бизнес қилишинг учун, сен шароит қилишинг учун, шу ерда бола-чақангни тинч тарбиялашинг учун ишлаяпти. Ўша пуллар ўшаёққа кетяпти”, дейди Озодбек Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур лойиҳа ортидан Маданият вазирлиги санъаткорларни солиққа тортишда енгиллик сўраган эди. Билдирилишича, вазирлик томонидан ҳужжат лойиҳасининг айрим бандлари юзасидан тегишли тартибда расмий эътирозлар киритилганига қарамасдан ушбу лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги Солиқ Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг