Аш-Шара баскетболчилик фаолияти ҳақида гапирди (видео)
Олам
−
21 Апрель 4424 2 дақиқа
Сурия Президенти Аҳмад аш-Шара Дамашқ шаҳрида жойлашган Ал-Файҳа спорт зали очилишига бағишланган Сурия ва Ливан эркаклар миллий баскетбол жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Ўйин давомида у баскетбол ўйнаб, ўзининг бу спорт турига бўлган аввалги муҳаббати ҳақида сўз юритган.
“Баскетбол қалбимизга энг яқин ўйинлардан бири эди, аммо урушлар ва можаролар сабаб уни тарк этдик. Кейин унга ўхшаш бошқа ўйинга ўтдик”, деган Президент.
Учрашув Сурия ва Ливан терма жамоалари ўртасида ўтказилган.
Тадбирда Президент Аҳмад аш-Шара билан бирга Ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан Шайбоний, Ички ишлар вазири Энес Хаттап, Ёшлар ва спорт вазири Муҳаммад ал-Ҳамид ҳамда бошқа расмийлар қатнашган. Президент учрашув олдидан рамзий тўп ташлаб, ўйинчиларни қутлаган ва ўйин учун тўпга имзо чеккан.
Шунингдек, у Ёшлар ва спорт вазирининг ушбу спорт иншоотини очиш йўлида катта саъй-ҳаракат қилганини айтиб, унинг истеъфоси қабул қилинмаганини ҳам маълум қилган.
“Икки халқ ўртасида илгари жуда яхши алоқалар бўлган, бироқ сиёсат уларни бузди. Бугунги тадбир бу алоқаларни тиклаш учун муҳим қадамдир. Бу ерда аниқ ғолиб йўқ – агар бири ютса, бошқаси ҳам ютади. Иккала давлат ҳам катта зарар кўрди. Энди бунга якун ясаб, тикланиш ва ривожланиш вақти келди”, деган аш-Шара.
Ёшлар ва спорт вазири ўринбосари Жамол Шариф ўз нутқида Ал-Файҳа спорт зали халқаро стандартларга мос равишда янгиланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу мажмуа Сурия спортининг муҳим рамзларидан бири ҳисобланади ва эндиликда яна фаолиятини давом эттиради.
Live
Барчаси