Қурманбек Бакиевнинг Ўзбекистонда вафот этган укаси дафн қилинди (видео)
Олам
−
17 Апрель 8383 2 дақиқа
Жорий йилнинг 14 апрель куни Манас шаҳрида Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг укаси – Аҳмат Бакиевни дафн этиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Turmush” хабар берди.
Марҳумнинг яқинларига кўра, жаноза намози Манас шаҳридаги хонадонда ўқилган, Аҳмат Бакиев эса Бакиевлар оиласининг она қишлоғи – Тейит қишлоғида дафн этилган. Маросимда марҳумнинг қариндошлари, оила аъзолари ва қишлоқдошлари, шунингдек, Аҳмат Бакиевнинг ўғли Арстан Бакиев ҳамда Жусупбек Бакиевнинг ўғли Санжар Бакиев иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмат Бакиев жорий йилнинг 13 апрель куни 66 ёшида вафот этди. Яқинларининг хабарига кўра, ўлимга юрак касаллиги сабаб бўлган. У умрининг сўнгги йилларида Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳрида (Қирғизистон чегараси яқинида) яшаб келган.
Аҳмат Бакиев – собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг туғишган укаси. Акаси президентлик қилган даврда у Жалолободдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган. Отасининг шарафига номланган “Сали-Ата” МЧЖга раҳбарлик қилган. 2010 йилда ҳокимият алмашганидан сўнг, Қирғизистонда Аҳмат Бакиевга нисбатан бир нечта жиноят иши қўзғатилган.
2011 йилнинг августида Жалолобод шаҳар суди Аҳмат Бакиевни жазони кучайтирилган тартибли колонияда ўташ шарти билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилган. Суд қарорига кўра, Аҳмат Бакиев Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми 2-банди (Фирибгарлик), 229-моддаси 1-қисми (Ноқонуний қуролли тузилма ташкил этиш ёки унда иштирок этиш), 234-моддаси 2-қисми 2-банди (Безорилик), 241-моддаси 1- ва 4-қисмлари (Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ноқонуний эгаллаш, бериш, сотиш, сақлаш, ташиш ёки олиб юриш) бўйича айбдор деб топилган.
2012 йил 4 январда Аҳмат Бакиев ахлоқ тузатиш колониясидан Бишкекда жойлашган 35-сонли манзил-колониясига ўтказилган. Жазони ижро этиш давлат хизмати (ЖИДХ) тушунтиришича, маҳкум тайинланган жазонинг 1/3 қисмини ўтаганидан сўнг, агар тартибни бузмаган ва ахлоқ тузатиш колонияси режимига риоя қилган бўлса, манзил-колониясига ўтказилиш учун қонуний асосларга эга бўлади.
2012 йилнинг мартида Жазони ижро этиш давлат хизмати Аҳмат Бакиев 3 март куни 35-сонли манзил-колониясидан қочиб кетгани ҳақида хабар берган. Ўшанда ЖИДХ Бакиев 24 январда 6-сонли шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот берган. У ерда у 2012 йил 6 февралгача даволанган, шундан сўнг даволаниш курсини давом эттириш учун Бишкекдаги хусусий тиббиёт марказларидан бирига ўтказилган. Бакиев даволаниши вақтида 35-сонли муассаса ходимлари уни ҳар куни текшириб турган ва бу текширувлар журналидаги қайдлар билан тасдиқланган. Бироқ 2012 йил 3 март куни маҳкум Бакиев текширилганда, у жойида йўқлиги аниқланган.
Live
Барчаси