Ўзбекистонга смартфон ва ноутбуклар олиб киришда 5 фоизлик бож жорий этилади
Жамият
−
17 Апрель 5277 2 дақиқа
2026 йил 1 июлдан бошлаб айрим маиший техника ва электроника товарларини хориждан онлайн харид қилишда 5 фоиз ягона божхона тўлови жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 13 апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қайд этилишича, бу қуйидаги товарларга тааллуқли: смартфон, ноутбук, планшет, колонка, миксер, шарбат чиқаргич, соч қуритгич, электр чойнак, мультипиширгич, дазмол ва бошқалар.
Шунингдек, 30 та позициядаги товарлар, жумладан, кийим-кечаклар, пойабзал, соатлар, хотира қурилмалари, қувватлагич, фонарь, қулоқчин, монитор ва проекторлар, видеоўйин аппаратлари каби товарлар учун эса қўшилган қиймат солиғи ва 3 фоиз миқдорида божхона божи тўланади.
Қолаверса, халқаро даражада рўйхатдан ўтган машҳур бренд товарлари (яъни расмий брендлар) энди Ўзбекистонга олиб кирилиб, “айланма йўл” билан сотилишига чеклов қўйилади. Аниқроқ айтганда, бундай товарларни бонд омборига жойлаб, кейин махсус онлайн платформалар орқали сотиш тақиқланади.
Яъни илгари баъзи тадбиркорлар бренд товарларни тўғридан-тўғри расмий импорт қилмасдан, бонд омбори орқали сақлаб, кейин онлайн сотиш орқали айланмага киритиши мумкин эди. Энди бу схемага чек қўйиляпти.
Шу билан бирга, халқаро курьер орқали шахсий эҳтиёж учун келтириладиган товарлар бўйича ойига 200 долларгача бўлган лимит сақланиб қолади ва шу миқдоргача бож тўланмайди. Яъни бу қоида оддий одамларнинг шахсий буюртмаларига эмас, асосан савдо ва бизнес схемаларига қаратилган.
Маълумот учун, 2025 йил 1 майдан жисмоний шахслар учун товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари қисқартирилган эди. Унга кўра, ҳаво транспортида – 1000 доллар (шупайтгача – 2000 доллар эди), темирйўл ва дарё транспортида – 500 доллар (1000 доллар), автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 доллар этиб белгиланган.
Шунингдек, халқаро курерлик хизматлари орқали жисмоний шахсларга етказиладиган товарлар учун лимит бир чорак учун 1000 доллардан ойига 200 долларгача қисқартирилганди.
Live
Барчаси