Шавкат Мирзиёев Бухородаги янги аэропорт лойиҳаси билан танишди
Жамият
−
10 Апрель 4750 2 дақиқа
Бугун, 10 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога сафари чоғида шаҳарнинг янги аэропортини барпо этиш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда транспорт инфратузилмаси изчил ривожлантирилмоқда. Янги йўл ва кўприклар қурилиб, йўловчиларга қулайликлар оширилмоқда. Қайд этиш керакки, давлат раҳбари 2024 йилда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Бухоронинг янги халқаро аэропортини барпо этиш бўйича муҳим топшириқ берган.
Ушбу транспорт иншооти ҳамда унга туташ инфратузилмани барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан жами 370 гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа доирасида аэропортга олиб борувчи автомобиль йўли ҳам қурилмоқда. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрни ташкил этиб, шундан 2,7 километри мутлақо янги йўл, 21,1 километри эса реконструкция қилинади. Шунингдек, йўл бўйида 2 та йўл ўтказгич, 9 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ва 8 та кўприк барпо этилиши назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, янги аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги, шунингдек, соатига 1200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси қурилади.
“Биз Бухоро вилояти аҳолиси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай хизмат кўрсатадиган аэропорт барпо этишни мақсад қилганмиз. Шундай экан, ушбу аэропорт жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ мос бўлиши шарт”, дейди Президент.
Давлат раҳбарига Бухоро вилоятининг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа қурилиш лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига ташрифи давомида Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишганди.
Эртага, 11 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Ташриф доирасида Бухорода олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Live
БарчасиЎзбекистонда зилзила содир бўлди
12 Апрель
Венгрияда Орбан ҳам сайловда овоз берди
12 Апрель