Шавкат Мирзиёев эртага Бухорода Тўқаев билан учрашади
Жамият
−
10 Апрель 2874 1 дақиқа
Бугун, 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, эртага, 11 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Ташриф доирасида Бухорода олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Сиёсий мулоқотни, парламентлараро, ҳукуматлараро ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт, энергетика, сув ва экология соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилади. Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Биргаликда тарихий обидаларни зиёрат қилиш, саноат корхоналари фаолияти ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.
Бугун эса Ўзбекистон раҳбари Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишади.
Live
Барчаси