Украина Краснодардаги нефть объектига ҳужум қилди. Қурбон бор

Олам

image

Бугун, 9 апрелга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Кримск шаҳрига ҳужум қилди. Бу ҳақда вилоят губернатори Вениамин Кондратьев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида кўп қаватли уйнинг балконида бўлган бир эркак ҳалок бўлган. Кейинчалик Краснодар ўлкаси тезкор штаби яна уч киши тан жароҳати олганини хабар қилган. Штаб маълумотига кўра, дрон парчалари тушиши оқибатида ёнғин келиб чиққан ва эрталабга келиб ўчирилган.

Гувоҳларнинг видеоёзувларини таҳлил қилган “Astra” нашрига кўра, ҳужум нишони ўлкадаги энг йирик нефть ҳайдаш марказларидан бири – Кримск чизиқли ишлаб чиқариш-диспетчерлик станцияси бўлган. Ушбу станция бир нечта магистраль қувурлар орқали нефть ва нефть маҳсулотларини ҳайдайди ҳамда Новороссийск портига, шунингдек, Ильский ва Афипский нефтни қайта ишлаш заводларига етказиб бериш занжиридаги асосий бўғин ҳисобланади.

Дронлар урилгандан сўнг станцияда ёнғин бошланган. Маҳаллий аҳоли бир соат ичида 20 дан ортиқ портлаш овозларини эшитган. Ҳужум Краснодар ўлкасининг бошқа аҳоли пунктларига ҳам таъсир қилган: Славянск-Кубанда дрон парчалари уй томини шикастлаган, Меккерстукда эса дрон тураржой биносига тушиб, унга жиддий зарар етказган. Портлаш овозлари Краснодар атрофида, шаҳарнинг жанубий қисмида ва Северский туманининг бир нечта қишлоқларида ҳам эшитилган. Краснодар ва Геленжик аэропортлари 8 апрель оқшомидан бери ёпиқ.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, тун давомида мамлакат ҳудудлари – Краснодар ўлкаси, Астрахан ва Курск вилоятлари ҳамда Азов денгизи акваторияси узра жами 69 та Украина дрони уриб туширилган.

Маълумот учун, Кримскка қилинган ҳужум Украина Қуролли Кучларининг Россия нефть инфратузилмасига зарбалар сериясининг бир қисми бўлди. 6 апрель куни дронлар Новороссийскдаги “Шесхарис” терминалига – Россиянинг Қора денгиздаги энг йирик нефть экспорти хабига ҳужум қилган эди (у ердан кунига тахминан 700 минг баррель нефть ўтади). “Reuters” хабарига кўра, ҳужумдан кейин терминал иши тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина ўзаро зарбалар алмашганди. Оқибатда Одессада уч киши ҳалок бўлган, Новороссийскда саккиз киши жароҳатланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳужум Краснодар нефть объекти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг