Қозоғистонда аҳолига байроқдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи бериляпти

Олам

image

Қозоғистонда давлат байроғини аҳоли уйлари, хусусан балконларга осишга рухсат берилмоқда. Ушбу янги қоида акс этган “Қозоғистон Республикасининг давлат байроғи, давлат герби ва уларнинг тасвирларидан, шунингдек, Қозоғистон Республикаси давлат мадҳияси матнидан фойдаланиш (ўрнатиш, жойлаштириш) қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди. 

Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳаси билан 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган қарорга ўзгартириш киритиш кўзда тутилаётган бўлиб, унга кўра, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар ватанпарварлик туйғуларини, Қозоғистон ўзига хослигини ифодалаш, мамлакат ва унинг фуқаролари ютуқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қозоғистон Республикаси давлат байроғидан биноларда (турар жой ва нотурар жойларда), жумладан, балконларда ва тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларда фойдаланиши мумкин бўлади. 

Лойиҳадан мақсад – Қозоғистон ватанпарварлигини шакллантириш ишида давлат рамзларидан фойдаланиш тизимини янгилаш.

Янги ўрнатилаётган қоидаларга кўра, Қозоғистон Республикаси давлат байроғи 45 даража бурчак остида ўрнатилиши (жойлаштирилиши) мумкин. Давлат байроғи, ўлчамидан қатъи назар, миллий стандартга мос келиши шарт.

Жисмоний ва юридик шахсларга Қозоғистон Республикаси давлат байроғидан миллий стандарт талабларини бузган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Жисмоний ва юридик шахслар давлат байроғидан таҳқирлаш предмети сифатида фойдаланиши мумкин эмас. Шунингдек, якка тартибдаги уй-жойларга ўрнатилган давлат байроғи камида уч метр баландликда бўлиши кераклигига аниқлик киритилди.

“Тунги вақтда ёритиш мажбурий эмас. Давлат байроғи ерга, сувга ёки полга тегмаслиги лозим. Уни кийим-кечак, парда, чойшаб сифатида ёки реклама мақсадларида ишлатиш тақиқланади.

Агар давлат байроғи вертикал ўрнатилса, миллий нақш юқори қисмда жойлашиши керак. Фуқароларга давлат байроғидан (одатда, спорт тадбирлари каби алоҳида ҳолатларда) фойдаланишга рухсат берилади, бироқ ундан рухсатсиз тижорий мақсадларда фойдаланиш ман этилади”, дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, давлат байроғининг рамзий маъносига путур етказиши мумкин бўлган шикастланган, эскирган, ямоқ солинган, тешилган, ифлосланган, ранги ўчган ёки ғижимланган ҳолатда ундан фойдаланмаслик керак.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда аҳолининг ўз уйларида ёки шахсий мақсадларда давлат байроғини осиб қўйиши чекланган эди. Давлат байроғи фақат давлат органлари биноларида, халқаро тадбирларда ёки расмий маросимларда ўрнатиларди. Байроқдан жисмоний шахслар томонидан фойдаланилиши “давлат рамзларини таҳқирлаш” ёки “ноқонуний фойдаланиш” сифатида талқин қилиниши мумкин эди. Байроқнинг тасвирини шахсий буюмларга тушириш ёки уй деворларига осиш учун алоҳида рухсат йўқ, бу эса маъмурий жавобгарликка сабаб бўларди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат байроғидан фойдаланиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш ва фуқароларга уни уйларига осишга рухсат бериш бўйича топшириқ берди. 2020 йил 27 ноябрь куни Ҳукуматнинг 2007 йилдаги 873-сонли қарорига ўзгартиришлар киритилди.

2020 йилдаги ўзгартиришлар асосан ҳукумат қарори даражасида (ижро этувчи ҳокимият) амалга оширилган эди. Бироқ, амалиётда фуқароларнинг байроқдан фойдаланиши ва унинг таҳқирланиши ўртасидаги чегара жуда нозик бўлиб қолди. Масалан, байроқни балконга осишда унинг маҳкамланиш усули ёки эскирган байроқни утилизация қилиш тартиби аниқ белгиланмаган эди.

Янги лойиҳа “таҳқирлаш” тушунчасига аниқроқ таъриф бериш ва фуқароларни тасодифий жарималардан ҳимоя қилишга қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг