Исроил Ливанга бомба ёғдирди. 250 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Олам
−
09 Апрель 3146 2 дақиқа
Исроилнинг кеча, 8 апрель куни Ливанга қилган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 254 кишига етди, мингга яқин одам жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаро мудофааси маълумотларига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
“Чоршанба кунги ҳужумлар оқибатида камида 254 киши ҳалок бўлди, яна 1165 киши жароҳат олди”, дейилади хабарда.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Ракан Насридиннинг таъкидлашича, Исроил Ливанга юздан ортиқ авиазарбалар берганидан кейин мамлакат “хавфли кескинлик”ка дуч келди. Насридин тез тиббий ёрдам машиналари ҳали ҳам жабрланганларни шифохоналарга етказаётганини қўшимча қилган ва халқаро ташкилотларни ёрдам беришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозини тўлиқ ва зудлик билан очиш эвазига Эронга бериладиган зарбалар икки ҳафтага тўхтатилишини эълон қилган эди. Исроил АҚШни қўллаб-қувватлади, бироқ расмийлар ўт очишни тўхтатиш режими Ливанга тааллуқли эмаслигини қайд этди. Ўша куни Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ҳарбий операция бошланганидан бери Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига қарши энг йирик ҳужум якунланганини маълум қилди. Қўшма Штатлар ҳам Ливан ўт очишни тўхтатиш келишувига кирмаслигини билдирди. Ливанга қилинган ҳужумлардан сўнг Эрон Ҳормуз бўғозини қайтадан ёпиб қўйди.
Live
Барчаси