Икки ҳафталик сулҳ. Трамп ва Америка Эронга ютқаздими?
Таҳлил
−
08 Апрель 4358 7 дақиқа
АҚШ шармандали мағлубиятга учради. Буни Эрон расмийлари айтмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса можородаги муҳим стратегик нуқта ҳисобланган Ҳормуз бўғозини очиш шарти билан Эронни бомбардимон қилишни икки ҳафтага тўхтатишга рози бўлганини билдирди ва уруш якуни АҚШ фойдасига ишлаётганини иддао қилди. Сиёсатчилар бўлса Эрон бу битимга Покистоннинг дипломатик саъй-ҳаракатлари ва Хитойнинг Теҳронга қилган босими ортидан рози бўлганини билдирмоқда. Исроил эса Трампнинг сулҳига “тупуриб” Ливанга зарба беришни давом эттирмоқда. Хўш, уруш тез орада якунланадими ёки Эрон ва АҚШ келишувида айтилган икки ҳафталик муддат тугагандан сўнг яна давом этадими?
Урушни тўхтатган 10 бандлик сулҳ нимадан иборат?
Жорий йилнинг 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Қўшма Штатлар Покистон воситачилигида Эрон томонидан таклиф қилинган 10 бандлик сулҳга розилигини ва шу билан Эронни бомбардимон қилишни икки ҳафтага тўхтатишини маълум қилди. Аввалроқ, Трамп Эронга ультиматум қўйиб, Эроннинг инфратузилмаси, хусусан, кўприклар ва электр станциялари вайрон қилиниши, мамлакат “тош даври”га қайтарилиши ҳақида қатъий огоҳлантириш берган эди. Бироқ бу таҳдидлар Покистон воситачилигида олиб борилган дипломатик алоқалар натижасида ҳарбий амалиётларни вақтинча тўхтатиб туришга айланиб кетди.
“Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Асим Мунир билан ўтказилган суҳбатлар асосида, улар бугун кечаси Эронга юборилаётган ҳалокатли кучни вақтинча тўхтатиб туришимни сўради. Шунингдек, Эрон Ҳормуз бўғозини тўлиқ, дарҳол ва хавфсиз очишга рози бўлиши шарти билан мен Эронга қарши бомбардимон ва ҳужумларни икки ҳафта муддатга тўхтатишга розиман.
Биз Эрондан 10 банддан иборат таклиф олдик ва уни музокаралар олиб бориш учун мақбул асос деб ҳисоблаймиз. Ўтган баҳсли масалаларнинг деярли барчаси АҚШ ва Эрон ўртасида келишиб олинган. Аммо икки ҳафталик муддат якуний келишувни тўлиқ расмийлаштириш ва амалга ошириш имконини беради”, деган Оқ уй раҳбари
Оқ уй раҳбари бу музокарани “икки томонлама ўт очишни тўхтатиш бўлади” деб баҳолаган. Унинг фикрича, АҚШ ўз олдига қўйилган барча ҳарбий вазифаларни муваффақиятли адо этиб бўлган ва ҳозирда томонлар якуний тинчлик шартномаси устида қизғин иш олиб бормоқда. АҚШ раҳбари Теҳрондан олинган 10 банддан иборат таклифлар тўплами келажакдаги келишув учун мустаҳкам пойдевор бўлишини билдирган. Улар орасида АҚШнинг Эронга ҳужум қилмаслик тамойили, Теҳроннинг Ҳормуз бўғози устидан назорати, Эрон ҳудудида уранни бойитиш, асосий ва иккиламчи санкцияларни бекор қилиш, товон пули тўлаш, Америка кучларини минтақадан олиб чиқиб кетиш каби шартлар бор.
Бундан ташқари, Покистон Бош вазири Эрон ва АҚШ рози бўлган ўт очишни тўхтатиш “Ливанда ва ҳамма жойда” амал қилиши кераклигини айтган. ОАВда ҳам Эрон ва Ливанга йўлланаётган зарбалар тўхтагани ҳақида хабарлар тарқалган.
Иккинчи томонда эса Эрон расмийлари бу битимни “АҚШнинг шармандали мағлубияти” деб талқин қилган. Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашининг билдиришича, душман Эрон халқига қарши олиб борган адолатсиз, ноқонуний ва жиноий урушда инкор этиб бўлмайдиган, тарихий ва қақшатқич мағлубиятга учраган.
“Эрон буюк ғалабага эришди ва жиноятчи АҚШни ўн банддан иборат режани қабул қилишга мажбур этди. Ушбу режага кўра, АҚШ Эронга ҳужум қилмаслик, Ҳормуз бўғози устидан Эрон назоратини сақлаб қолиш, уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш, барча бирламчи ва иккиламчи санкцияларни бекор қилиш, БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча резолюцияларини тўхтатиш, товон пули тўлаш, АҚШ ҳарбий кучларини минтақадан олиб чиқиб кетиш ҳамда барча фронтлардаги урушни, жумладан, Ливаннинг қаҳрамон исломий қаршилик ҳаракатига қарши курашни тўхтатиш мажбуриятини олди”, деб ёзилган Эрон Миллий хавфсизлик кенгашининг “Fars” орқали тарқатган баёнотида.
Қизиқ томони шундаки, бу келишув фақат Эрон расмийлари томонидан “ғалаба” сифатида баҳоланмаган. Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам АҚШ Президенти Дональд Трампнинг 10 банддан иборат режани муҳокама қилишга розилик берганининг ўзиёқ Эрон учун муваффақият эканини таъкидлаган. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Трампнинг 10 бандлик режани муҳокама қилишга рози бўлганининг ўзи – эронликларнинг ютуғи. Муаммо шундаки, Вашингтон бунга кўнадими: ахир у ерда Эронга етказилган зарарни қоплаш, ядровий дастурни давом эттириш ва Теҳроннинг Ҳормуз бўғози устидан назорати масалалари бор”, деб ёзди сиёсатчи.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Х ижтмоий тармоғида икки ҳафта мобайнида савдо кемалари ўз ҳаракатларини эронлик ҳарбийлар билан мувофиқлаштирган ҳолда Ҳормуз бўғозидан ўтиши мумкинлигини тасдиқлаган.
“Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг мурожаати, шунингдек, АҚШнинг 15 банддан иборат таклифи ва АҚШ Президентининг Эроннинг 10 банддан иборат таклифини музокаралар учун асос сифатида кўриб чиқишга тайёрлиги ҳақидаги баёнотини инобатга олган ҳолда, Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши номидан қуйидагини маълум қиламан: агар Эронга қарши ҳужумлар тўхтатилса, қуролли кучларимиз мудофаа ҳаракатларини тўхтатади”, деган Аббос Ароқчи.
Шунингдек, Ароқчи икки ҳафта давомида Ҳормуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтиши таъминланишини, бироқ бу жараён Эрон ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилишини ҳамда маълум техник чекловлар инобатга олинишини алоҳида урғулади.
Эрон Хитойнинг босими сабаб сулҳга рози бўлдими?
Халқаро нашрларнинг маълумотларига кўра, Эрон АҚШ билан икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишувига Покистоннинг дипломатик саъй-ҳаракатлари ва Хитойнинг Теҳронга қилган босими ортидан рози бўлган.
Қайд этилишича, Покистон фаол равишда сулҳни илгари сурган, Хитой эса сўнгги дақиқаларда Теҳронни мослашувчан бўлишга ва кескинликни камайтиришга чақирган. Бундан ташқари, муҳим инфратузилмага етказилган иқтисодий зарар ҳам Эроннинг ушбу қарорни қабул қилишига таъсир кўрсатган. “The New York Times” нашрининг ёзишича, Эроннинг янги Олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаий Хитойнинг охирги дақиқадаги босими ва кескин дипломатик музокараларидан сўнг Покистон ташаббус кўрсатган 2 ҳафталик сулҳ режасини маъқуллаган. Бироқ ҳозирча, Хитой ушбу музокараларга аралашганини расман тасдиқламаган.
Покистон Бош вазир Шаҳбоз Шариф ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги постида АҚШ Президенти Трампга мурожаат қилиб, дипломатия учун имконият беришни сўраган.
“Мен президент Трампдан [ультиматум] муддатини икки ҳафтага узайтиришни қатъий сўрайман. Покистон эронлик биродарларидан эзгу ният рамзи сифатида Ҳормуз бўғозини тегишли икки ҳафталик муддатга очишни чин дилдан илтимос қилади… токи дипломатия минтақадаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик йўлида урушни узил-кесил тўхтатишга эришсин”, деган Шаҳбоз Шариф.
Шу билан бирга, Шариф Эрон ва АҚШ делегацияларини “барча низоларни ҳал қилиш бўйича якуний келишувга эришиш” учун 10 апрель куни Исломободга музокаралар столига таклиф қилган. CNN телеканали хабарига кўра, Америка делегацияси таркибидан вице-президент Жей Ди Вэнс, Президентнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер ўрин олади.
Исроил Трампнинг сулҳига “тупурди”
АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган сулҳ битимидан 1 кун ҳам ўтмай, Исроил дрони 8 апрель куни Ливаннинг жанубида жойлашган Ал-Калаила аҳоли пункти яқинида тез ёрдам машинасига зарба берди. Бу зарба ортидан шифокорлар ва машина ичида бўлган бемор ҳалок бўлган. Воқеа жойида зудлик билан қутқарув ишлари олиб борилган. Машина қайси шифохонага тегишли экани ҳали аниқланмаган. Исроил томони бу зарбани “Ҳизбуллоҳ”га қаратилганини билдирган, аммо воқеа оқибатида гуруҳга тегишли ҳеч ким жабрланмаган. Бу ҳаракат АҚШ ва Эрон келишган 2 ҳафталик битимнинг амалда бузилишидир. Чунки сулҳ АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган бўлишига қарамай, уни Исроил ҳам қабул қилган. Эрон томонидан тақдим этилган битимда Ливанга зарба бермаслик шарти ҳам қўйилганди. Буни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам айтган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 3 апрель ҳолатига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида мамлакат бўйлаб қурбонлар сони мингдан ошган, яна тўрт мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Live
БарчасиЎзбекистонда зилзила содир бўлди
12 Апрель
Венгрияда Орбан ҳам сайловда овоз берди
12 Апрель