Исроил Трампнинг сулҳига “тупурди”
Олам
−
08 Апрель 23116 2 дақиқа
Бугун, 8 апрель куни Ливаннинг жанубида жойлашган Ал-Калаила аҳоли пункти яқинида Исроил дрони тез ёрдам машинасига зарба берди. Ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Lebanon 24” агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, зарба мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига қарашли тез ёрдам автомобилига берилган. Бу зарба ортидан шифокорлар ва машина ичида бўлган бемор ҳалок бўлган.
Воқеа жойида зудлик билан қутқарув ишлари олиб борилган. Машина қайси шифохонага тегишли экани ҳали аниқланмаган. Исроил томони бу зарбани “Ҳизбуллоҳ”га қаратилганини билдирган, аммо воқеа оқибатида гуруҳга тегишли ҳеч ким жабрланмаган.
Қайд этиш жоиз, воқеа АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган сулҳ битимидан 1 кун ҳам ўтмай содир бўлди. Бу ҳаракат АҚШ ва Эрон келишган 2 ҳафталик битимнинг амалда бузилишидир. Чунки сулҳ АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган бўлишига қарамай, уни Исроил ҳам қабул қилган. Эрон томонидан тақдим этилган битимда Ливанга зарба бермаслик шарти ҳам қўйилганди. Буни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам айтган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 3 апрель ҳолатига кўра Исроил ҳужумлари оқибатида мамлакат бўйлаб қурбонлар сони 1,3 мингдан ошган, яна 4,1 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил кучлари Ливанда бир ой давом этган жанглар ортидан “Ҳизбуллоҳ”нинг қарийб 1000 нафар аъзосини йўқ қилгани ҳақида хабар берилганди. Нишонлар орасида юқори мартабали қўмондонлар ва “Радван” махсус бўлинмасининг кўплаб жангчилари ҳам бор.
Live
Барчаси