АҚШ Яқин Шарқдаги фуқароларини зудлик билан паноҳланишга чақирди
Олам
−
08 Апрель 7919 3 дақиқа
АҚШ фуқароларини Яқин Шарқ мамлакатларига режалаштирилган сафарларни қолдиришга ва ушбу мамлакатдаги фуқароларини зудлик билан хавфсиз жойдан паноҳ топишга чақирмоқда. Бу ҳақда кеча, 7 апрель куни АҚШ Давлат департаментининг Консуллик ишлари бюроси огоҳлантириш билан чиқди.
Хусусан, Саудиа Арабистони, Миср ва Баҳрайндаги америкаликлар алоҳида огоҳлантирилган.
“Президент Трамп, Давлат котиби Рубио ва Давлат департаменти учун Америка фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимоясидан кўра муҳимроқ устувор вазифа йўқ. Саудия Арабистони бўйича саёҳат тавсиясига кўра, биз АҚШ фуқароларини Саудия Арабистонига бориш масаласини қайта кўриб чиқишга чақирамиз. Давом этаётган хавфсизлик ҳолати ва саёҳатдаги вақти-вақти билан юзага келаётган узилишлар сабабли, бу йилги Ҳаж зиёратида иштирок этиш қарорини қайта кўриб чиқишни маслаҳат берамиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, жорий йил 18 апрелдан бошлаб Макка шаҳрига киришга уринаётган шахслардан Ҳаж рухсатномаси, Маккада берилган яшаш гувоҳномаси (иқома) ёки ҳақиқий Макка иш рухсатномасини кўрсатиш талаб қилиниши қайд этилган.
“Бошқа турдаги виза эгалари 18 апрелга қадар Маккани тарк этишлари лозим. Ушбу чоралар июнь ойининг боши ёки ўрталарига қадар амалда бўлади. АҚШ элчихонаси ва консулликлари барча кундалик консуллик хизматларини тўхтатган бўлиб, Америка фуқаролари учун фақат чекланган фавқулодда хизматларни кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Мисрдаги америкаликларга ҳам шунга ўхшаш тавсиялар берилган.
“Қоҳирадаги АҚШ элчихонаси АҚШ фуқароларига Эрондаги ҳарбий амалиётлар билан боғлиқ минтақавий ўзгаришларни диққат билан кузатиб боришни тавсия қилади. АҚШ фуқаролари эҳтиёт чораларини кўришлари ва вазиятдан хабардор бўлишлари лозим. Минтақадаги юқори таранглик туфайли хавфсизлик муҳити мураккаблигича қолмоқда ва тез ўзгариши мумкин. Миср расмийлари одатда самарали хавфсизлик ҳимоясини таъминлайди, бироқ экстремистлар ва Эрон билан алоқадор кучлар минтақада ҳужумлар режалаштириш ва амалга оширишга қизиқиш билдирган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, идора Эрон ва унга алоқадор “террористик гуруҳлар” Яқин Шарқдаги университетларни нишонга олиш ниятида бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, Баҳрайндаги АҚШ фуқароларидан ҳам эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда.
“Биз Яқин Шарқдаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқдамиз ва хавфсизлигингиз бўйича қарор қабул қилишингиз учун сизни хабардор қилиб турамиз. АҚШнинг Манамадаги элчихонаси барча АҚШ ҳукумати ходимларига панагоҳлардан чиқмасликни (shelter in place) буюрди. Баҳрайндаги барча америкаликларга кейинги огоҳлантиришгача худди шундай қилишни тавсия этамиз. Имкон қадар хавфсиз бинода қолинг ва деразалардан узоқроқ туринг. Озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва бошқа зарурий ашёлар захирасига эга бўлинг. Қўшимча маълумотлар ёки сўнгги дақиқадаги ўзгаришлар учун электрон почтангизни текшириб туринг. Манамадаги элчихона барча кундалик консуллик хизматларини тўхтатди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиши кутилмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга Ҳормуз бўғозини очиш учун айнан 7 апрелгача муҳлат берган эди, бироқ унинг талаби рад этилди. Бунинг ортидан Трамп Эронни назарда тутиб, бугун тунда бутун бир цивилизацияни ҳалокатга учратиш билан таҳдид қилди.
Live
Барчаси