Қўриқлаш департаментига тамаки чекканларни жаримага тортиш ҳуқуқи берилмоқда
Жамият
−
07 Апрель 5207 2 дақиқа
Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш қоидабузарлигини кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Бу ҳақда бугун, 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида маъқулланган “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Мазкур ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий талабларга мос равишда такомиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни, жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилмоқда.
Шунингдек, қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича рухсатнома бериш ваколатини Ички ишлар вазирлигига ўтказиш, тадбиркорлик субъектлари учун эса хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрида Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилганди.
Live
Барчаси