Умрага борган 170 дан ортиқ зиёратчи Ўзбекистонга қайтолмаяпти

Жамият

image

Саудия Арабистонига Умра сафари учун борган 170 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайта олмаяпти. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди. 

Маълум қилинишича, Бош консулхона дипломатлари айрим жисмоний шахслар орқали умра зиёратига келиб, қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда улар билан суҳбатлашиш мақсадида Макка шаҳрида жойлашган меҳмонхоналарга ташриф буюрган. 
Дипломатларнинг маълум қилишича, айни пайтда меҳмонхоналарда жами 170 нафардан ортиқ зиёратчи Ўзбекистонга қайтишни кутиб турибди.

Зиёратчиларнинг айтишича, улар 14 кунлик Умра сафари доирасида турли гуруҳлар таркибида Саудия Арабистонига келган. Бироқ, сафарни ташкил этган шахсларнинг ёлғон маълумотлари ва хатолари оқибатида улар ҳозирга қадар мамлакатга қайта олмаган.

Суҳбат давомида зиёратчилар ўзларининг оғир аҳволи ҳақида сўзлаб, гуруҳнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлардан иборат эканини таъкидлаган. Улар орасида инфарктни бошидан ўтказган, қандли диабет, қон босими каби сурункали касалликларга чалинган ва доимий равишда дори-дармон истеъмол қиладиган шахслар борлиги ҳам қайд этилган. Зиёратчилар мамлакатга қайтиш масаласида Ўзбекистон ҳукуматидан амалий ёрдам сўраган.

Зиёратчиларга улар рухсатномасиз ташкил этилган сафар доирасида келган бўлса-да, Ўзбекистонга қайтиш бўйича мурожаатлари Бош консулхона томонидан белгиланган тартибда тегишли идораларга етказилиши маълум қилинган. Шу билан бирга, мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш маълум вақт талаб қилиши инобатга олиниб, вазият янада оғирлашиб кетмаслиги учун имкониятдан келиб чиққан ҳолда ўз ҳисобларидан авиачипта харид қилиб, Ўзбекистонга қайтиш тавсия этилган.

Шунингдек, зиёратчиларни қийин аҳволга солган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистонга қайтгандан сўнг тегишли идораларга мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилган.

“Ҳозирги кунда ушбу ҳолат Бош консулхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, вазият юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Жондор туманида одамларни Умра сафарига жўнатмоқчи бўлган фирибгар эр-хотин ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Саудия Арабистони Умра

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг