Россия бензин экспортига қўйилган тақиқни кенгайтирди
Олам
−
03 Апрель 2885 2 дақиқа
Россия ҳукумати бензин экспортига қўйилган вақтинчалик чекловларни 31 июлга қадар бевосита нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ҳам татбиқ этди. Бу ҳақда тегишли қарор имзоланди.
“Қарор мавсумий талаб юқори бўлган даврда ва қишлоқ хўжалиги дала ишлари вақтида ички ёқилғи бозорида барқарор вазиятни сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Ҳукумат Яқин Шарқдаги можаро туфайли жаҳон бозорида нефть нархининг ошишини қўшимча омил сифатида кўрсатган.
Маълумот учун, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг Теҳрон жаҳон нефтининг 20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг (СТГ) 30 фоиздан ортиғи ўтадиган Ҳормуз бўғози орқали савдони тўхтатишини эълон қилди. Кейинчалик Эрон расмийлари бўғоз АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан ташқари ҳамма учун очиқ қолишини аниқлаштирди. Кремль эса ушбу вазият фонида Россия энергия ресурсларига бўлган талаб ортаётганини маълум қилди.
Чекловлар халқаро ҳукуматлараро битимлар доирасида амалга ошириладиган бензин етказиб беришга тааллуқли эмас. Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Россияда расмийлар 2025 йил сентябрь ойида бензин экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этган эди. Эмбарго икки марта узайтирилди, 2026 йил январь охирида эса йирик ёқилғи ишлаб чиқарувчилар учун бекор қилинди. Бироқ трейдерлар, нефть базалари ва кичик нефтни қайта ишлаш заводлари (йиллик қуввати 1 млн тоннадан кам бўлган) учун чекловлар сақланиб қолган эди.
Бозордаги вазият, шунингдек, 25 март куни Усть-Луга портида ва Ленинград вилоятининг Кириш туманидаги саноат зонасида дронлар ҳужумидан кейин юз берган ёнғинлар фонида ҳам муҳокама қилинди. Кириш туманида Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири “Киришинефтеоргсинтез” (КИНЕФ, “Сургутнефтегаз” таркибига киради) жойлашган.
Росстат маълумотларига кўра, 16 мартдан 23 мартгача бўлган ҳафтада бензиннинг чакана нархи 0,36 фоизга ошиб, литри учун 66,55 рублни, дизель ёқилғиси эса 0,2 фоизга ошиб, 77,6 рублни ташкил этди.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель