Боливияда масхарабозлар оммавий норозилик намойиши ўтказди

Олам

image

Боливия пойтахтида ўнлаб масхарабозлар норозилик намойишига чиқди ва ҳукуматни уларни даромаддан маҳрум қилаётганликда айблади. Бу ҳақда WSLS хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 30 март куни тўлиқ гримда ва қизил бурун таққан масхарабозлар Ла-Пасдаги Таълим вазирлиги биноси олдига йиғилиб, ҳукумат томонидан февраль ойида эълон қилинган ҳужжатдан норозилик билдирган. Янги қоидаларга кўра, мактаблар йилига 200 ўқув кунини ўтказиши шарт, бу эса ўқув вақтида аниматорлар иштирокида байрамлар ташкил қилишни амалда тақиқлайди. Маҳаллий масхарабозлар касаба уюшмаси раҳбари, Сапальито саҳна номи билан танилган Уайлдер Рамиреснинг сўзларига кўра, бу қарор “болалар билан ишлайдиган барчага зарба беради”.

Намойишчиларнинг айтишича, ушбу фармон 12 апрелда нишонланадиган Болалар куни байрамини ҳам бузади – анъанага кўра, бу даврда масхарабозлар мактаб тадбирларига фаол таклиф қилинар эди. Эндиликда ҳар қандай байрам тадбирларига фақат дам олиш кунлари рухсат берилади. 

“Бу фармон даромадларимизни қисқартиради, мамлакат бошидан кечираётган иқтисодий инқирозни ҳисобга олсак, келажагимиз янада қоронғи кўринмоқда”, дейди Боливия ҳунарманд ишчилари конфедерацияси вакили Элиас Гутьеррес.

Аксияга масхарабозлар ва болалар учун либос тикувчи чеварлар, шунингдек, мактаб тадбирларида ишлайдиган фотографлар ҳам қўшилган. Намойишчилар колоннаси Ла-Пас маркази бўйлаб ҳуштаклар ва кичик мушаклар билан юриб ўтган. Иштирокчилардан бири ҳукуматни “табассумларни ва иш жойларини тортиб олаётганликда” айбловчи плакат кўтариб олган. Вазирлик вакиллари келгуси ўқув йили учун фармон тайёрлашда артистларнинг эътирозларини инобатга олишга ваъда берган, бироқ намойишчилар бу ҳозирги муаммоларни ҳал қилмаслигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида минглаб одамлар АҚШ томонидан ағдарилган президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни озод қилиш талаби билан намойиш ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Боливия масхарабоз оммавий норозилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг