Эронга ҳужум. Араб минтақаси 194 млрд долларгача йўқотиши мумкин

Олам

image

Яқин Шарқда беш ҳафтадан бери давом этаётган ҳарбий эскалация араб мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида кескин орқага кетишга олиб келиши мумкин. Аммонда (Иордания) тақдим этилган БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳисоботи муаллифлари шундай хулосага келган.

БМТ экспертларининг дастлабки баҳолашича, минтақа умумий ЯИМнинг 3,7 фоизидан 6 фоизигача ёки 120–194 миллиард доллар йўқотиш хавфи остида турибди. Бу маблағ араб минтақасининг 2025 йилда эришган бутун иқтисодий ўсишидан ҳам кўпроқ. Шу билан бирга, ишсизлик даражаси 4 фоизга ошиши мумкин, бу эса 3,6 миллион иш ўрнининг йўқотилишига тенг.

4 миллионга яқин киши қашшоқлик чегарасидан пастга тушиб қолиши мумкин. Ҳисобот муаллифлари ҳатто қисқа муддатли можаро ҳам узоқ вақт давомида сақланиб қоладиган чуқур ва кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келишини таъкидламоқда.

Энг жиддий макроиқтисодий йўқотишлар Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари учун прогноз қилинмоқда. У ерда савдо ва энергия бозорларига юқори даражадаги боғлиқлик иқтисодиётни айниқса заиф қилиб қўяди. Ушбу субрегионда ЯИМнинг пасайиши 5,2–8,7 фоизга етиши мумкин.

Қашшоқликнинг энг кескин ўсиши (5 фоизга) Шарқий Ўрта Ер денгизи ҳудудида кутилмоқда, у ерда яна 2,85–3,3 миллион киши яшаш учун маблағсиз қолиши мумкин. Бу минтақадаги қашшоқлик умумий ўсишининг 75 фоизидан кўпроғини ташкил этади.

Энг кам ривожланган араб давлатларида ҳам, уларнинг иқтисодиёти дастлабки барқарорлиги пастлигини ҳисобга олганда, оқибатлар сезиларли бўлади. Шимолий Африкада можаронинг потенциал таъсири ўртача деб баҳоланмоқда.

БМТТД Инсон тараққиёти индексининг пасайиши ҳақида огоҳлантирди: минтақа бўйича кўрсаткичнинг 0,2–0,4 фоизга тушиши кутилмоқда, бу эса эришилган даражадан ярим йил ёки ҳатто бир йилга орқага қайтиш демакдир. Форс кўрфази давлатларида эса пасайиш янада салмоқлироқ – икки йиллик ривожланишгача бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан боғлиқ ҳарбий операция яқин ҳафталарда якунланишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Форс кўрфази Эронга ҳужум Араб минтақаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг