Оммавий жанжалда қатнашган мигрантлар Россиядан қувилиши мумкин
Олам
−
01 Апрель 3274 2 дақиқа
Россия ҳукумати Давлат думасига оммавий муштлашувлар, майда безорилик, экстремистик рамзларни намойиш қилиш ва бошқа қонунбузарликлар учун мигрантларни депортация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди. Ҳужжат Давлат думасининг электрон маълумотлар базасига жойлаштирилди. https://sozd.duma.gov.ru/bill/1191445-8
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мигрантлар томонидан Россия қонунларини бузиш ҳолатлари кўпайган. Экстремизм ва хавфсизликка таҳдид билан боғлиқ жиддий қонунбузарликлар учун хорижликлар Россия Федерациясидан чиқариб юборилиши кўзда тутилмоқда. Бундай ҳолатлар учун жарима ва қуролни мусодара қилиш ҳам кўзда тутилган.
Экстремистик атрибутларни намойиш этиш, ҳокимият органларига ҳурматсизлик қилиш, Россия армиясини обрўсизлантириш, кўча можароларида қатнашиш, рухсат этилмаган митинглар ва бошқа қонунбузарликлар депортация учун асос бўлади.
Шунингдек, хорижликлар учун жарималарни ошириш таклиф этилмоқда: мамлакатда бўлиш тартибини бузганлик учун – 4 минг рублгача, ноқонуний ишлаганлик учун – 7 минг рублгача. Чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузиш ва полицияга бўйсунмаслик учун ҳам оширилган жарималар жорий этилади. Мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини транспорт полициясига бериш, депортация ишларини эса қоидабузарлик содир этилган жойда кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Усть-Луга посёлкасидаги қурилиш майдонида қозоғистонликлар иштирокида оммавий муштлашув содир бўлган эди. Айрим шахсларга, жумладан, Қозоғистон фуқароларига маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 10 сутка қамоқ жазоси тайинланган. Яна уч нафар Қозоғистон фуқароси устидан тергов давом этмоқда.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель