АҚШ НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқади – Рубио
Олам
−
31 Март 2479 2 дақиқа
АҚШнинг Эрон билан урушини қўллаб-қувватлашдан бош тортган НАТОдаги иттифоқчиларнинг хатти-ҳаракати сабабли Вашингтон альянс билан муносабатларни қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Телеканал мухбири Рубиога Европа Иттифоқи ва НАТО давлатлари АҚШга “ушбу ҳал қилувчи паллада” хиёнат қилди деб ҳисоблайсизми, деган савол билан юзланган.
“Яна қайтараман, Президент ва мамлакатимиз операция тугаганидан кейин буларнинг барчасини қайта кўриб чиқишига тўғри келади. НАТОнинг Қўшма Штатлар учун фойдали томонларидан бири – турли сценарийлар учун базалардан фойдаланиш имкониятидир”, деб жавоб берган Рубио.
Унинг эслатишича, “зарур бўлган вақтда”, яъни АҚШ миллий хавфсизлиги ва мамлакат манфаатларига жиддий таҳдид бор деб топган пайтда, Вашингтон НАТО аъзолари, хусусан Испания ўз базаларидан фойдаланишга рухсат бермаётганига дуч келди.
“Шундай йўл тутган бошқа давлатлар ҳам бор”, дея қўшимча қилган Рубио.
Унинг сўзларига кўра, шунда савол туғилади: “Бу ерда Қўшма Штатларнинг манфаати нимада?”
“Мен ҳамиша НАТОни қўллаб-қувватлаганман ва бунинг сабабларидан бири – базалардан фойдаланиш имконияти бизга бутун дунё бўйлаб ҳарбий операцияларда таъсир кучи ва мосланувчанлик беришидир. Аммо агар НАТО фақат биз Европани ҳужумдан ҳимоя қилишимиз ҳақида бўлса-ю, бизга керак бўлганда базалардан фойдаланиш имкони берилмаса, бу – унчалик яхши келишув эмас. Бундай форматда жараёнларга жалб этилган ҳолда қолиш ва бу Қўшма Штатлар учун фойдали деб айтиш қийин. Шунинг учун буларнинг барчасини қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Барчасини қайта кўриб чиқишга тўғри келади”, дейди у.
Март ойи бошида Испания АҚШга Эронга зарба бериш учун ўз базаларини тақдим этишдан бош тортган эди. Трамп бунга жавобан Мадрид билан савдо алоқаларини узиш билан таҳдид қилди. Шундан сўнг Испания Бош вазири Педро Санчес баёнот билан чиқиб, можароларни дипломатия йўли билан ҳал қилишга чақирди ва АҚШ ҳамда Исроил томонидан бошланган урушга қарши эканини билдирди.
Шунингдек, “El Pais” газетаси хабарига кўра, Испания Эронга америка-исроил зарбаларида иштирок этаётган самолётлар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган ва фақат фавқулодда ҳолатлардагина қўниш ва учиб ўтишга рухсат берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг Ҳормуз бўғозини қамалдан чиқариш учун кемалар юборишдан бош тортганидан ҳафсаласи пир бўлгани ва АҚШ контингентини Германиядан олиб чиқиб кетиш ҳақида ўйлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси