Дубай портида Қувайт нефть танкери ҳужумга учради

Олам

image

Бугун, 31 мартга ўтар кечаси Дубай порти яқинида Қувайтга тегишли нефть танкери ҳужумга учради. Бу ҳақда Буюк Британия денгиз савдоси координация маркази хабар берди.

Марказ маълумотига кўра, Дубайдан тахминан 57 км узоқликда номаълум снаряд танкерга тегиб, унда ёнғин юзага келган.

Гап Ал-Салми номли танкер ҳақида кетмоқда. Хабарда айтилишича, снаряд кеманинг ўнг томонидан урилиб, ёнғин келтириб чиқарган. Экипаж хавфсиз, атроф-муҳитга зарар етгани қайд этилмаган. Дубай расмийлари ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлганини ва ҳужум дрон орқали амалга оширилганини билдирган.

KUNA маълумотига кўра, ҳужум вақтида танкер тўлиқ юкланган ва лангар ташлаб турган. Унинг максимал сиғими қарийб 320 минг тонна нефтни ташкил этади. Агентлик ҳужумни Эрон томонидан амалга оширилган “тўғридан тўғри ва қасддан қилинган зарба” деб баҳолаб, бу ҳодиса танкер корпусига зарар етказганини ва нефть тўкилиши хавфини юзага келтирганини билдирган.

Қолаверса, ўша кечаси Дубайнинг Ал-Бада туманида уриб туширилган ракета қолдиқлари ташландиқ уйга тушиб, яна бир ёнғин келиб чиққан. Оқибатда яқин атрофдаги 4 киши енгил жароҳат олган.

Шу кеча бошқа давлатлар ҳам ҳужумлар ҳақида хабар берган. Қувайт Мудофаа вазирлиги “душман ракета ва дрон ҳужумлари қайтарилаётганини” маълум қилган. Баҳрайнда эса ҳужум хавфи сабабли сиреналар янграган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри халқаро аэропорти яқинида учувчисиз учиш аппарати ҳужуми оқибатида ёқилғи сақланадиган баклардан бири ёниб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дубай Қувайт нефть танкери

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг