Исландия ва Норвегия ЕИга аъзо бўлиш ғоясига қайтмоқда
Олам
−
30 Март 1692 3 дақиқа
Исландия ва Норвегия Европа Иттифоқига (ЕИ) қўшилиш режасини қайта кўриб чиқмоқда ва буни хавфсизлик манбаи сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
“ЕИ дастурхони атрофида ўрин эгаллаш қўшимча хавфсизлик ва ҳимоя тақдим этади”, дейди Европанинг кенгайиш бўйича комиссари Марта Кос.
Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб кириши ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг хатти-ҳаракатлари – импорт тарифлари ҳамда Гренландияни эгаллаб олиш таҳдиди – ушбу давлатларни Брюсселга яқинлашишга ундади. Трампнинг сиёсати АҚШнинг иттифоқчиларини ҳимоя қилишга тайёрлигини шубҳа остига қўймоқда. Энди НАТО давлатлари муқобил йўлларни қидирмоқда.
“НАТОнинг ўз воситалари бор, ЕИники эса бошқача”, дейди норвегиялик сиёсатчи Ине Эриксен Сёрейде.
Рейкьявик ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта тиклаш юзасидан референдумга тайёргарликни тезлаштирди.
“Биз умумий қадриятлар – демократия, эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва ҳудудий яхлитликка эга катта давлатлар гуруҳида кучлироқ бўлардик”, дейди Исландия Ташқи ишлар вазири Торгердур Катрин Гуннарсдоттир.
Унинг сўзларига кўра, ЕИнинг жозибадорлиги мудофаа ва хавфсизлик, жумладан, иқтисодий хавфсизликдадир. Исландия 2009 йилги молиявий инқироз даврида ариза топширган, бироқ 2013 йилда музокараларни тўхтатиб, 2015 йилда аризасини бутунлай қайтариб олган.
Норвегия 1992 йилда аъзолик учун ариза берган, лекин икки йилдан кейин ўтказилган референдумда уни рад этган. Ҳозирда аъзоликни қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бормоқда. Норвегия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мариа Вартерессиан “El Pais” газетасига берган интервьюсида референдум ўтказилиши мумкинлигини, аммо ҳозир айни вақти эмаслигини айтган. Унинг фикрича, ҳозирча натижа салбий бўлиши эҳтимоли юқори. Бошқа бир норвегиялик мулозимнинг сўзларига кўра, ҳозир ёлғиз қолиш учун энг ёмон вақт.
“ЕИнинг амалдаги аъзолари учун Шарқий Европа давлатлари ҳисобига кенгайишдан кўра, бойроқ давлатларни қабул қилиш афзалроқ кўринмоқда”, деб қайд этади “Politico”.
2004 йилдан кейин қўшилган барча 13 та давлат ЕИ бюджетига киритган маблағидан кўра кўпроқ фойда олмоқда. Худди шу ҳолат ҳозирги номзодлар – Украина, Молдова, Албания, Сербия ва Черногория билан ҳам такрорланиши мумкин. Шу сабабли, амалдаги аъзоларни уларнинг қўшилишига кўндириш қийинроқ бўлади – улар ЕИ бюджетидаги маблағларни кўпроқ бўлишишларига тўғри келади.
ЕИ ҳукуматлари янги давлатларнинг матбуот эркинлиги, судлар мустақиллиги ва демократик институтлар каби асосий қадриятларга содиқлигига шубҳа билан қарамоқда.
“Бизга яна бир Венгрия ёки Словакия керак эмас. 10-15 йилдан кейин бу мамлакатларда нима бўлишини билмаймиз ва яна бир Орбанга дуч келишимиз мумкин. Исландия ва Норвегияда эса барқарор демократик институтлар мавжуд ва уларда бундай муаммолар йўқ. Улар талабларга аллақачон 80 фоизга жавоб беради”, дейди ЕИ мулозими.
Унинг сўзларига кўра, бу давлатлар учун Евроиттифоққа қўшилиш жараёни жуда тез амалга ошиши мумкин.
Live
Барчаси