“У энди йўқ”. Трамп Эроннинг янги Олий раҳнамоси ўлганини тахмин қилди
Олам
−
30 Март 10860 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг янги Олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий ҳақида анчадан бери ҳеч қандай янгилик олмаганини таъкидлаб, унинг вафот этганини тахмин қилди. Бу ҳақда у “Financial Times” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Трамп интервью давомида уруш бошида ва ундан кейинги зарбалар оқибатида Эроннинг кўп йиллик олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва кўплаб бошқа юқори мартабали мулозимлар ҳалок бўлганидан кейин мамлакатда аллақачон “режим ўзгариши” содир бўлганини айтган.
Шунингдек, Трамп Али Хоманаийнинг ўғли ва Эроннинг янги Олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий ё ўлган, ёки оғир жароҳатланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарини такрорлаган.
“Ўғли ё ўлган, ёки аҳволи ўта оғир. Биз у ҳақда умуман ҳеч нарса эшитмадик. У энди йўқ”, дейди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 март куни Эронда янги Олий раҳнамо сайлангани эълон қилинган эди. Ушбу лавозимни ҳалок бўлган Али Хоманаийнинг иккинчи ўғли – 56 ёшли Мужтабо Хоманаий эгаллаган.
Кўп ўтмай, янги Олий раҳнамонинг гўёки жароҳатлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу маълумотни дастлаб мамлакат президентининг ўғли инкор этган эди. Кейинроқ эса Ислом Республикаси ТИВ вакили Исмоил Бағоий Мужтабо Хоманаий ҳақиқатан ҳам яраланганини, бироқ ўзини яхши ҳис қилаётганини маълум қилди.
17 март куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг янги Олий раҳнамоси саломатлиги жойида экани ва тез орада жамоатчиликка мурожаат қилишини билдирди. Бироқ, 20 март куни АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард Мужтабо Хоманаийнинг аҳволи бўйича баёнот бериб, у жиддий жароҳат олганини айтди.
Live
Барчаси