АҚШ Европани Украинага қурол таъминоти узилишидан огоҳлантирди

Олам

image

АҚШ Яқин Шарқдаги вазият кескинлашуви фонида европалик иттифоқчиларини Украинага қурол-яроғ етказиб беришда муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда кеча, 27 март куни ўз манбаларига таяниб, “Politico” нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Америка томони ҳамкорларини PURL дастури доирасидаги узилишлар хавфи, хусусан, ўқ-дорилар ва Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракета-тутувчилар етказиб бериш бўйича хабардор қилган.

Музокаралар жараёнидан хабардор уч нафар европалик мулозимнинг сўзларига кўра, АҚШ Давлат департаменти таъминот занжири бузилиши мумкинлигини билдирган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ушбу масалани Франциядаги G7 давлатлари учрашувида ҳамкасблари билан муҳокама қилиши кутилаётган эди.

Шу билан бирга, европалик мулозимлардан бири айрим иттифоқчилар аллақачон режалаштирилган етказиб беришлар бошқа қабул қилувчиларга йўналтирилмаслиги ҳақида кафолатлар олганини, бироқ келгуси истиқболлар ноаниқ қолаётганини қайд этган.

Ўз навбатида, НАТО дипломати Украинага мўлжалланган қурол-яроғларнинг Форс кўрфази мамлакатларига берилиши мумкинлиги мутлақо қабул қилинмаслигини таъкидлаган.

G7 учрашувидан сўнг Марко Рубио журналистларга АҚШ ҳозирча PURL линияси бўйича Украинага мўлжалланган қуролларни бошқа жойга йўналтирмаганини, бироқ бундай имконият истисно қилинмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, қуроллар дастлаб АҚШга тегишли бўлгани сабабли, зарурат туғилганда устуворлик мамлакатнинг ўз захираларини тўлдиришга берилади. 

“Politico” нашрининг қайд этишича, вазиятнинг ривожланиши Яқин Шарқдаги можаронинг бориши ва Америка томонининг эҳтиёжларига боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия ва Словакия Европа Иттифоқи саммитининг Украинага 90 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамни тасдиқлаш қарорини қўллаб-қувватламагани, шунингдек, ХВЖнинг сўнгги ёрдам пакети атрофидаги зиддиятлар сабабли Украинада жанговар ҳаракатларни молиялаштириш сезиларли даражада камайгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Яқин Шарқ қурол-яроғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг