Яқин Шарқдаги можаронинг оқибатлари коронавирусга ўхшайди – Путин (видео)
Олам
−
27 Март 4625 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Яқин Шарқдаги можарони коронавирус пандемиясига ўхшатди ва унинг оқибатларини олдиндан аниқ айтиш қийинлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи қурултойининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши глобал иқтисодиётга тобора кучли таъсир кўрсатмоқда.
“Яқин Шарқдаги қуролли можаро бугунги вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмоқда ва халқаро логистика, ишлаб чиқариш ҳамда ҳамкорлик занжирларига катта зарар етказмоқда. Нефть-газ, металл, ўғит ишлаб чиқариш каби бутун бошли соҳалар зарба остида қолди. Бу можаронинг оқибатларини ҳозир аниқ прогноз қилиш қийин. Ҳатто можаро ичидаги томонлар ҳам буни олдиндан билолмаяпти, биз учун эса бу янада мураккаб”, деган Путин.
У, шунингдек, буни коронавирусга ўхшатган.
“Шунга қарамай, биз шу шароитда яшашимиз керак. Бу вазиятни ҳатто коронавирус пандемиясига ўхшатишмоқда. Эслатиб ўтаман, пандемия бутун дунё ривожланишини кескин секинлаштирган эди”, деган Россия етакчиси.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари ҳамда Эроннинг жавоб ҳаракатлари натижасида энергия ресурслари ва бошқа товарлар нархи кескин ошди. Бу эса жаҳон иқтисодиётининг секинлашишига олиб келиши мумкин.
Бироқ, нефть нархининг ошиши Россия учун маълум даражада фойдали ҳам бўлиши мумкин, чунки бу нефть экспорт қилувчи компаниялар ва давлат бюджети даромадларини оширади.
“Бозорлар ҳозир ўзгариб турибди. Бундай вазиятда тез фойда олиш, даромадни сарфлаб юбориш васвасаси пайдо бўлиши мумкин. Лекин эҳтиёткорликни сақлаш керак. Агар бугун бозорлар бир томонга ўзгарса, эртага бошқа томонга ўзгариши мумкин. Шунинг учун ҳам компаниялар ва давлат молиясида эҳтиёткор, мувозанатли сиёсат юритиш зарур. Биз бюджет тизимида ҳам айнан шундай йўл тутамиз ва фуқаролар олдидаги мажбуриятларни бажаришда давом этамиз”, деган Владимир Путин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтганди. Владимир Путин Эрон атрофидаги можарони тезроқ сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган бир қатор таклиф ва фикрларни билдирган. Бу таклифлар Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари, шунингдек Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳамда бошқа мамлакатлар етакчилари билан ўтказилган мулоқотлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда айтилган.
Live
Барчаси