Ўзбекистонда Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил қилинади

Жамият

image

Ўзбекистонда Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил қилинади. Бу ҳақда бугун, 25 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда Рақамли технологиялар халқаро маркази учун 2100 йилга қадар амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим назарда тутилгани маълум қилинган. Марказда тартибга солиш “қумдони” доирасида янги ечимларни синовдан ўтказиш, иш ҳақини хорижий валютада тўлаш, халқаро меҳнат стандартларини жорий қилиш, шахсга доир маълумотларни халқаро стандартлар ва булутли технологиялар асосида қайта ишлаш мумкин бўлади. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, инвестициялар, стартаплар ва экспорт учун қулай шароитлар яратилади, божхона ва солиқ бўйича енгилликлар берилади. 

Сунъий интеллект технологиялари, рақамли трансформация, тадқиқот ва ишланмалар, сертификатлаштириш, стартаплар ҳамда маълумотлар марказлари ушбу марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда.

Тақдимотда 2030 йилгача мазкур марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан зиёд иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига чиқиш мақсади белгилангани айтилган. Бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар ушбу ташаббусга қизиқиш билдиргани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро молия маркази ва Ўзбекистон Марказий банки ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар халқаро маркази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг