Нью-Йорк аэропортида самолёт ўт ўчириш машинаси билан тўқнашиб кетди (видео)
Олам
−
23 Март 11909 1 дақиқа
Кеча, 22 март куни кечқурун Air Canada авиакомпаниясига тегишли самолёт Ла-Гуардия аэропортининг учиш-қўниш йўлагида ўт ўчириш машинаси билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “The Mirror” хабар берди.
АҚШ Федерал авиация бошқармаси Нью-Йоркдаги аэропортда “ҳаво кемаси билан боғлиқ фавқулодда вазият” сабабли иш фаолияти вақтинча тўхтатилганини эълон қилган.
ОАВнинг Нью-Йорк ўт ўчириш департаментига таяниб ёзишича, Монреалдан келаётган рейсни амалга ошираётган самолёт ўт ўчириш машинасига урилган, оқибатда тўрт нафар ўт ўчирувчи оғир жароҳат олган. Тўқнашув тўртинчи учиш-қўниш йўлагида содир бўлган. Маълумотга кўра, тўқнашув тезлиги тахминан 39 км/соат бўлган.
Ҳаво кемаси – Bombardier CRJ-900 бортида 100 нафар йўловчи бўлган ва уларнинг ҳолатига аниқлик киритилмоқда.
Ла-Гуардия аэропорти Х ижтимоий тармоғида об-ҳаво шароити сабабли парвозларда узилишлар бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Ҳудудда ёмғир ва туман кузатилган.
Гувоҳлар томонидан олинган фото ва видеоларга кўра, Bombardier CRJ-900 катта тезликда ўт ўчириш машинасига урилган. Оқибатда самолётнинг бурун қисми жиддий шикастланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланднинг Пхукет аэропортида бортида 140 киши бўлган Air India Express йўловчи самолёти шассиси (ғилдираклари) билан боғлиқ муаммо туфайли қаттиқ қўнишни амалга оширганди. Ушбу ҳодиса сабабли аэропортда ҳаракат бутунлай тўхтаб қолган.
Live
Барчаси