Пашинян метрода бир аёл билан Қорабоғ масаласида тортишиб қолди (видео)
Олам
−
23 Март 10198 2 дақиқа
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Ереван метросида йўловчи аёл билан баҳслашиб қолди. Аёл уни Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга топширишда айблади. Бу ҳақда “News.am” хабар берди.
Гувоҳларнинг айтишича, суҳбат аёлнинг Қорабоғ йўқотилгани учун Пашинянни айблаши билан бошланган. Бунга жавобан Бош вазир ҳукумат Қорабоғда одамлар яшаб қолиши учун миллиардлаб маблағ сарфлаганини айтиб, ундан нега ўзи у ерда қолмаганини сўраган. У 2023 йилда айримлар ҳукуматни одамлар Арманистонга чиқиб кетмаслиги учун чегараларни ёпганликда айблаганини ҳам эслатган.
Аёл Пашиняндан овозини кўтармасликни ва бармоғини ўқтамасликни сўраган. Бош вазир эса баландроқ гапиришда давом этишини айтиб, юз берган воқеалар учун ўзини айбламасликни сўраган. Шунингдек, у суҳбатдошидан Арманистон харитаси ҳақида “менсимасдан гапирмасликни” илтимос қилган.
Орадан бир оз вақт ўтиб, Пашинян аёлдан узр сўраган. У Telegram-каналида видео эълон қилиб, Қорабоғ мавзуси ҳақида гапирганда ҳиссиётларини тийиб туролмаганини тан олган ва бу ҳолатни катта камчилик деб атаган. У Қорабоғдан бўлган аёл ва унинг фарзандидан узр сўраб, яна учрашиб тинч гаплашишни таклиф қилган.
Кейинроқ аёлнинг исми Армине Мосиян экани маълум бўлгач, Пашинян унга исм билан мурожаат қилиб, яна бир бор хотиржам суҳбатлашиш умидини билдирган.
Маълумот учун, Арманистон 2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон ҳарбий амалиёти натижасида Тоғли Қорабоғ устидан назоратни йўқотган. 100 мингдан ортиқ арман аҳолиси ҳудудни тарк этган ва тан олинмаган республика 2024 йил 1 январдан фаолиятини тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан фуқаролик никоҳи, яъни расман турмуш қурмай яшаб келаётган Анна Акопян у билан ажрашганини эълон қилганди.
Live
Барчаси