“Очиқ туризм мавсуми”. Блогерларга Ўзбекистонга келиши учун бепул турпакет берилади
Жамият
−
18 Март 1741 2 дақиқа
Жорий йил апрель-июнь ойлари “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” деб эълон қилинади ва ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади. Бу ҳақда бугун, 18 март куни Нарпай туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда Президент туризм соҳасидаги вазифаларни белгилаб берган. Халқаро туризм бозоридаги ноаниқлик ҳолатида Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича катта кампания бошланиши таъкидланган.
Бу жараёнда туризм учун энг қулай давр бўлган апрель-июнь ойлари бўйича алоҳида дастур тайёрланиб, “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинади. Ушбу муддат давомида авиакомпанияларга янги рейсларни йўлга қўйиб, олиб келинган ҳар бир хорижий сайёҳ учун 100 доллардан субсидия берилади. Бундай авиакомпанияларга аэропорт хизматлари учун 20 фоиз чегирма тақдим қилинади.
Йиғилишда маҳаллий туроператорлар учун ҳам янгиликлар эълон қилинган. Хусусан, 1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми “кешбек” сифатида қайтарилади.
Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади. Дунёдаги энг йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга саёҳат тарғиботи билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.
Жорий йилнинг ўзида дунёга машҳур бўлган камида 5 та санъаткорнинг гастролини, шунингдек, 10 та бизнес форуми ва мода фестивалини Самарқандда ўтказиш муҳим экани таъкидланган.
Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказадиган хабга айлантириш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилган. Масалан, 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессида ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ давлатдан 10 мингга яқин одам иштирок этиш истагини билдирган.
Мутасаддиларга мазкур йўналишдаги халқаро ташкилотлар билан ишлаб, махсус дастур ишлаб чиқиш топширилган. Бу имкониятлар ҳисобига Самарқандга йил якунигача 6 миллион турист олиб келиш мақсади белгилаб олинган.
Live
Барчаси04 Апрель