Оиласига босимлар сабаб эронлик футболчилар мамлакатга қайтмоқда
Спорт
−
16 Март 10490 2 дақиқа
Эрон аёллар футбол терма жамоаси сардори Заҳра Ғанбари бошпана сўраш ҳақидаги аризасини қайтариб олганидан сўнг Австралияни тарк этиб, Эронга қайтди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғанбари Осиё кубогидан кейин мамлакатда қолиш таклифини аввал қабул қилган, бироқ кейинчалик фикрини ўзгартирган. Шу тариқа у қарорини ўзгартирган жамоанинг бешинчи аъзосига айланди.
Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA хабарига кўра, Ғанбари Малайзиядаги бошқа жамоадошларига қўшилган.
Аввалроқ, Австралия Осиё кубоги вақтида мамлакатда бўлган жамоанинг етти нафар аъзосига, жумладан, техник ходимлардан бирига бошпана беришга тайёрлигини билдирганди. Бироқ кейинчалик айрим футболчилар Эронга қайтишга қарор қилган.
Эрон миллий футзал жамоасининг собиқ футболчиси ва инсон ҳуқуқлари фаоли Шива Амини айтишича, Эрон Инқилобий гвардиясига яқин тузилмалар Австралияда қолишни истаган футболчиларнинг оилаларига босим ўтказган бўлиши мумкин. Унинг таъкидлашича, айниқса сардор Ғанбарининг оиласи нишонга олинган.
Амини айрим футболчилар ҳали ҳам чет элда қолаётганини ва улар катта босим остида эканини билдириб, уларга тезкор ёрдам ва ҳимоя зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Эрон-Австралия диаспораси вакилларидан бири футболчиларга Эрон ҳукуматидан турли хабарлар етказилгани, ҳатто айрим ҳолларда уларнинг оилалари юборган овозли хабарлар орқали футболчиларни ватанга қайтишга кўндиришга уринишлар бўлганини маълум қилган.
Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги эса футболчиларнинг бошпана сўраш аризаларидан воз кечиб, ватанга қайтиш қарорини “ватанпарварлик қарори” сифатида баҳолаган.
Австралия ҳукумати эса футболчиларга мамлакатда қолиш учун барча имкониятлар тақдим этилганини таъкидламоқда. Ҳукумат вазири Кэтрин Кингнинг айтишича, футболчилар хавфсиз эканини билган ҳолда ушбу қарорни қабул қилган.
Live
Барчаси