2025 йилда самолёт ҳалокатларида 400 га яқин киши вафот этгани айтилди

Олам

image

Кеча, 13 март куни Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) 2025 йил учун парвоз хавфсизлиги бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, ўтган йили самолёт бортида содир бўлган ҳодисаларда жами 394 киши ҳалок бўлган. 

Ҳисоботга кўра, 2025 йилда авиацион ҳодисаларнинг умумий даражаси ҳар бир миллион рейсга 1,32 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 1,42 га нисбатан яхшиланган бўлса-да, сўнгги беш йилликдаги ўртача даражадан бир оз юқори бўлиб қолмоқда.

Ўтган йили дунё бўйлаб 38,7 миллион рейс амалга оширилган ва 51 та авиация ҳодисаси қайд этилган. Шулардан саккизтаси ҳалокатли бўлган.

Маълумотларга кўра, қурбонларнинг асосий қисми икки йирик ҳалокат билан боғлиқ. Жумладан, 2025 йилда ҳалок бўлганларнинг 77 фоизидан ортиғи Air India 171 ва PSA Airlines 5342 рейслари билан боғлиқ ҳодисаларга тўғри келган.

Ҳисоботда қайд этилишича, йил давомида энг кўп учраган муаммолар шасси билан боғлиқ носозликлар, учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиш ҳамда ерда самолётларнинг шикастланиши билан боғлиқ бўлган.

Шу билан бирга, ҳисоботда янги хавфлар ҳам қайд этилган. Улар қаторига қуролли можаролар сабабли парвоз йўналишларининг ўзгариши ҳамда сунъий йўлдош навигация тизимларига аралашув ҳолатларининг кўпайиши киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боливияда нақд пул ортилган ҳарбий юк самолёти ҳалокатга учраши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

самолёт рейс Ҳисобот Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг