Педофилларга умрбод қамоқ: Президент тегишли фармонни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистонда шаҳвоний шилқимлик ва жинсий жиноятлар учун жазо кучайтирилади. Бу ҳақда бугун, 3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ҳамда янги ташаббуслар қаторида келтирилган.

Қайд этилишича, мамлакатда эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғуруқ ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалаларига оила институтини мустаҳкамлаш жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришнинг муҳим йўналиши сифатида доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Ушбу масалалар энг юқори даражада бир неча бор муҳокама қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилган. Уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида идоралараро кенгаш ташкил этилган ва қисқа муддатларда амалий таклифларни ишлаб чиқиш топширилган.

Бугунги тақдимотда кенг жамоатчилик, соҳа экспертларининг таклифлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тайёрланган ташаббуслар кўриб чиқилган.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қатор масалалар бўйича қуйидаги таклифлар билдирилган:

  • шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган 5 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қатъийлаштириш;
  • педофиллар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони белгилаш;
  • Жиноят кодексининг 118- ва 119-моддаларидаги жинсий жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этган маҳкумларни манзил-колонияларга ўтказмаслик;
  • Жиноят кодексининг 6 та моддасидаги жинсий жиноятлар бўйича ишларни тергов қилиш ваколатини ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказиш;
  • шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги бўйича прокурор қарорини олиш шартлиги;
  • аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятлари билан махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар, терговчи ва судьялар шуғулланиши;
  • зўравонликдан жабрланган ва ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида уларнинг телефон қурилмаларига махсус “SOS” иловаларини ўрнатиш, бунда чақирув тугмаси босилганда 5 километр радиусдаги ички ишлар ходимлари 10 дақиқада манзилга етиб келиши ва бошқалар.

Давлат раҳбари билдирилган ташаббусларни маъқуллаб, тегишли фармонга имзо чеккан ҳамда соҳадаги янгиликларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури” лойиҳаси билан Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш кутилаётгани ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ташаббусни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

жинсий жиноят Шаҳвоний шилқимлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг