Тонг олди қонли ҳужум: Жанубий Суданда 169 киши бир кунда ҳалок бўлди
Олам
−
02 Март 8852 2 дақиқа
Кеча, 1 март куни Жанубий Суданнинг шимолида тонг отмасдан бошланган ҳужум мамлакатни яна фуқаролик уруши ёқасига олиб келди. Расмий маълумотларга кўра, камида 169 киши ҳалок бўлган – уларнинг 90 нафари болалар, аёллар ва қариялар. Қурбонлар орасида 79 нафар ҳудудий хавфсизлик кучлари ходимлари, шу жумладан полициячилар ҳам бор. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.
Ҳукуматга қарашли Рувенг маъмурий ҳудуди ахборот вазири Жеймс Монюлуак Мижок ҳужумни “ўнлаб қуролланган ёшлар” амалга оширганини билдирган. Уларнинг қўшни Юнити штати ҳудудидан келгани ва “Sudan People's Liberation Army in Opposition” билан боғлиқ экани айтилган. Бироқ мухолифат кучлари бу айбловни рад этиб, зўравонликни сиёсийлаштиришда расмийларни айблаган.
Тонг олди ҳужум ва оммавий дафн
Ҳужум Абийемном туманида маҳаллий вақт билан соат 04:30 атрофида, одамлар ҳали уйқуда бўлган пайтда бошланган. Расмийларга кўра, ҳукумат кучлари сони жиҳатдан устун бўлган ҳужумчиларга дош бера олмаган. Уч-тўрт соат давом этган тўқнашувлар чоғида уйлар ва бозорлар ёқиб юборилган. Туман комиссари ва ижроия директори ҳам ҳалок бўлган.
Яраланган 50 кишининг кўпчилиги қўшни Абийей маъмурий ҳудудига олиб ўтилган. Қурбонлар сони юқори ва хавфсизлик хавотирлари сақланиб қолаётгани сабабли, маҳаллий манбалар улар оммавий қабрга қўйилганини хабар қилмоқда.
Минтақа яна алангаланадими?
Жанубий Судандаги БМТ инсонпарвар кучлари маълум қилишича, камида минг нафар тинч аҳоли миссия базаси яқинидан паноҳ излаган. Ташкилот сўнгги 48 соатда зўравонлик кескин кучайганидан хавотир билдирган ва барча томонларни дарҳол ўт очишни тўхтатиб, мулоқотга чақирган.
Вазият мамлакатнинг бошқа ҳудудларда ҳам таранг. Жонглей штатида тўқнашувлар кучайгани ортидан “Чегара билмас шифокорлар” 26 нафар ходими бедарак кетганини маълум қилган ва икки туманда тиббий хизматни тўхтатган. Уларнинг айтишича, 3 феврал куни Ланкиендаги муассаса ҳукумат ҳаво зарбасига учраган.
Фуқаролик уруши сояси
2011 йилда мустақилликка эришган Жанубий Судан сиёсий рақобат, коррупция ва қуролли тўқнашувлардан халос бўла олмаяпти. 2018 йилда Президент Салва Киир ва унинг асосий рақиби Риек Мачар ўртасида имзоланган ҳокимиятни бўлиш келишуви сўнгги йилда емирилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мамлакат “тўлиқ фуқаролик урушига қайтиш” хавфи остида эканини бир неча бор огоҳлантирган.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель