Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш: 10 киши қамоққа олинди
Жамият
−
27 Февраль 6348 3 дақиқа
Аввалроқ, 2025 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарланганди. Мазкур иш доирасида 10 киши қамоққа олинди, 1 киши уй қамоғига юборилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 10 февраль куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан айблов хулосаси тасдиқланиб, Жиноят-процессуал кодексининг 388-моддасига (жиноят ишини судга юбориш) асосан тегишли судловга юборилган.
Ҳолат юзасидан МЧЖ директорлари ва ходимларига оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг иш юритувига келиб тушган. Шундан сўнг,
- Р. О. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ директори);
- С. С. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ таъсисчиси ва сотув бўлими менежери);
- Ф. О. (эркак, 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ таъсисчиси ва директори ўринбосари);
- А. С. (эркак, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ бош технологи);
- Р. Х. (эркак, 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ технологи);
- М. Н. (эркак, 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ технологи ёрдамчиси);
- Ж. Х. (эркак, 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган, “Governess Business” МЧЖ директори);
- Ф. Д. (эркак, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Kinder Garden Group” МЧЖ директори);
- И. С. (эркак, 2000 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Innavation Outsourcing Servise” МЧЖ директори);
- Б. Р. (эркак, 1992 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Nishon invest” МЧЖ директори);
- Д. Қ. (аёл, 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Shark Milk Product” МЧЖ лаборанти)га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг иш юритувига келиб тушган.
Мазкур 11 шахс Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “б” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Шунингдек, уларнинг 10 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Ўзи нима бўлган эди?
2025 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар овқатдан оммавий заҳарлангани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Кейинроқ эса яна 694 бола даволанган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти Нурота туманидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида гўшт маҳсулотларининг 4/1 қисми яроқсиз ҳолатда экани аниқланганди.
Live
БарчасиИмконим бўлса, нефтни олардим – Трамп
06 Апрель
Сергелида автобус ёниб кетди
06 Апрель