Россия Озарбайжон самолёти ҳалокати бўйича терговни тўхтатди

Олам

image

Россия Тергов қўмитаси Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати бўйича олиб борилган терговни тўхтатди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов маълум қилди. 

Унинг айтишича, мазкур қарор Баку томонида “жуда жиддий саволлар” уйғотмоқда.
Озарбайжон ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Баку Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин томонидан имзоланган расмий хатни олган. Унда тергов тўхтатилгани ҳақида маълумот берилган. Байрамов бундай қадам Озарбайжон томони учун тушунарсиз ва жиддий ташвишли эканини таъкидлаган.

Аввалроқ, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги 2024 йилда содир бўлган Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокати бўйича терговнинг янги материалларини эълон қилган эди. Фожиа 1 йиллигига бағишлаб тақдим этилган оралиқ ҳисоботда бир нечта экспертизалар натижалари келтирилган. Қозоғистон томони маълумотига кўра, самолётдаги шикастланишлар, дастлабки хулосаларга биноан, жанговар каллакнинг зарба берувчи элементлари таъсири оқибатида юзага келган бўлиши мумкин, бироқ уларнинг қайси томонга тегишли эканини аниқлаш имкони бўлмаган.

Ҳалокат 2024 йил 25 декабрь куни содир бўлган. Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига қарашли Embraer 190 самолёти Баку–Грозний йўналиши бўйича парвоз қилаётган эди. Грознийда бир неча бор қўнишга уриниш муваффақиятсиз якунлангач, экипаж Ақтаудаги аэропортга йўл олишга қарор қилган. Самолёт аэродром устида икки марта айланганидан сўнг учиш-қўниш йўлаги яқинида қулаб тушган ва ёниб кетган.

Бортда жами 67 киши, жумладан 62 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокат оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши, шу жумладан икки нафар экипаж аъзоси омон қолган.

Авария ортидан самолётнинг сақланиб қолган дум қисми, кили ва баландлик рулида кўплаб тешиклар аниқланган. Омон қолган йўловчилар Грозний осмонида бўлган пайтда портлаш овозларини эшитганликларини билдирган. Мутахассислар шикастланишлар характери ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг зарба берувчи элементлари таъсирини кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Озарбайжон расмийлари ва авиакомпания ҳалокатга ташқи жисмоний ва техник таъсир сабаб бўлганини билдирган. Баку манбаларига кўра, самолёт учувчисиз учиш аппаратлари фаоллиги пайтида “ер–ҳаво” туридаги ракета билан зарарланган, алоқа тизимлари эса радиоэлектрон кураш воситалари орқали ишдан чиқарилган бўлиши мумкин.

Ҳалокатдан бир неча кун ўтиб, Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевдан узр сўраган. У фожиа Россия ҳаво ҳудудида Украина дронлари ҳужумини қайтариш жараёни фонида содир бўлганини айтган. 

Илҳом Алиев эса самолёт корпусидаги шикастлар ва йўловчиларнинг жароҳатлари ташқи таъсир бўлганини тасдиқлашини билдирган. У Россиядан масъулиятни тан олиш, айбдорларни жазолаш ва жабрланганларга компенсация тўлашни талаб қилган. 

2025 йил октябрь ойида Владимир Путин самолёт яқинида Украина Қуролли кучларининг дронлари Россия ҳаво ҳудудига бостириб кирган пайтда икки дона россиялик ракета портлаганини тан олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон Жайҳун Байрамов Azerbaijan Airlines

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг