“Уларнинг ишига чек қўйишга куч-қудратимиз етади”. Президент “кўча”лар ва жиноий тўдалар ҳақида гапирди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистоннинг жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудрати етади ва буни албатта қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаётган мурожаатномасида маълум қилди.

“Кўряпсизлар, шиддат билан ўзгараётган дунёда гиёҳвандлик хавфи аҳоли генофонди учун энг катта таҳдидга айланиб бормоқда. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида бундай хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти”, деди Президент.

Давлат раҳбарига кўра, наркотик савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса жиноятларни аниқлашда янги усулларни қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб қилмоқда.

Яқинда ушбу масала бўйича Миллий дастур қабул қилинди. Энди наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратилади.

“Юртимиздаги ҳар бир бола, ҳар бир ёш – бизнинг фарзандимиз, уларни гиёҳвандлик чангалига ташлаб қўйишга асло йўл қўймаймиз!Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз! Бу – Президентнинг топшириғи! Бу – ота-оналарнинг хоҳиш-истаги! Бу – жамиятнинг талаби!”, деган Мирзиёев.

Президентнинг қўшимча қилишича, сўнгги пайтларда ўзини қонундан устун қўйган, тадбиркорларга босим қилиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган, иқтисодиётимизга жиддий путур етказадиган мураккаб молиявий жиноятларни содир этаётган, ўзини «қози» деб ҳисоблаб, одамлар ўртасидаги олди-берди масалаларни ҳал қилиб юрган айрим жиноий тўдалар ҳам кузатилаётгани қайд этилган.

Энг ачинарлиси, “осон пул топаман” деган илинжда билагида кучи бор айрим спортчилар ҳам бундай жиноий тўдаларга қўшилиб қолаётгани кўрсатиб ўтилган.

“Ҳамма эшитиб олсин: бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз! Ўзбекистонда фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!”, деган Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев жиноий тўда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг