Франция мустамлакачилик йилларига жавоб бериши керак – Жазоир парламенти

Олам

image

Жазоир ҳудудининг Франция томонидан мустамлака қилиниши давлат жинояти сифатида тан олинади. Тегишли қонун лойиҳаси Жазоир Миллий Халқ Мажлиси (парламенти) депутатлари томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда “Al24 News” хабар берди.

Қайд этилишича, депутатлар тақдим этилган қонун лойиҳасини якдиллик билан маъқуллаган. Ҳужжат Францияга “Жазоирдаги мустамлакачилик ўтмиши ва бунинг оқибатида Жазоир халқига етказилган фожиалар учун ҳуқуқий жавобгарлик”ни юклайди. Қонун лойиҳасида француз мустамлакачилиги “давлат жинояти” деб аталган ва Париждан “расмий узр сўраш” талаб қилинади. 

Ҳужжатда француз мустамлакачилигининг 30 турдаги жинояти санаб ўтилган. Жумладан, судсиз қатл, қийноқлар, одамларни олиб кетиш, зўравонликлар, тақиқланган қуроллардан фойдаланиш ва сунъий равишда юзага келтирилган экологик фалокатлар. Бундан ташқари, ҳужжатда мустамлакачиликни тарғиб қилиш ва оқлаш ёки миллий хотирани ҳақорат қилганлик учун бешдан ўн йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Хабар қилинишича, парламентдаги овоз бериш барча сиёсий блокларнинг розилиги билан ўтказилган. Улар қонун лойиҳасини “сиёсий фарқлардан юқори, миллий бирлаштирувчи талаб” деб ҳисоблашади.

Маълумот учун, Франция Жазоирни 130 йилдан ортиқ назорат қилган ва фақат миллий озодлик урушидан сўнг, 1962 йилда мамлакат мустақилликка эришган. Париж ҳудудда 1966 йилгача ядровий синовлар ўтказган ва оқибатда аҳолига ҳамда атроф-муҳитга жиддий зарар етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кариб ҳавзаси ва Африка мамлакатлари Буюк Британиядан қуллик учун товон талаб қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Жазоир мустамлакачилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг