Шукуровни қамоқдан чиқариб юборган судьялар ишдан олинди
Жамият
−
25 Декабрь 15308 2 дақиқа
Аввалроқ, жорий йил баҳорда Тошкент шаҳридаги тунги клуб олдида эркакни бир уриб, комага тушириб қўйган Акмал Шукуров апелляция инстанция судининг 2025 йил 9 декабрдаги ажрими билан озодликка чиққани ва уни қамоқдан чиқариб юборган судьяларга хизмат текшируви тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Шукуровни озодликка чиқарган судьялар лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун, 25 декабрдаги фармойишига мувофиқ Муроджон Кодирович Мирзажонов ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуни 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилган.
Шу билан бирга, Муҳтарама Маҳамадалиевна Турғунова, Одилбек Илҳомжон ўғли Илҳомжонов ҳамда Мирзиёд Миржалолиддинович Обидовнинг судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Фарходжон Боқижонович Ғаниев судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, шундан беш йил муддатга Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Андижон вилоят суди раиси лавозимидан озод этилган.
Муроджон Абдуқохорович Абабакиров эса судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, шундан беш йил муддатга Андижон вилоят суди раисининг ўринбосари ‒ жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Акмал Шукуровнинг апелляция инстанция суди бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси тафтиш тартибида протест киритганди. Тафтиш ҳайъати прокуратура протестини қаноатлантириб, Акмал Шукуровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилди.