Тошкентда автобуслар учун “заправка”лар 11 тагача қисқартирилди (видео)
Жамият
−
25 Декабрь 2481 2 дақиқа
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали айрим йўналишларда ҳаракатланаётган автобусларнинг газ ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатда туриб қолаётгани ҳақида постлар ва видеороликлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолат пойтахтда газ қуйиш шохобчаларининг 33 тадан 11 тагача қисқартирилиши ортидан юзага келди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, бугунги кунгача Тошкент шаҳрида кунига 1 000 дан ортиқ катта ва ўта катта сиғимли автобуслар сиқилган табиий газ (метан) ёқилғисида ҳаракатланади. Мазкур автобусларни сиқилган табиий газ билан таъминлаш 33 та АГТКШлардан амалга ошириб келинган.
Ҳаво ҳароратининг пасайгани сабабли Тошкент шаҳридаги аҳоли, ижтимоий муассасалар ва стратегик муҳим объектларга табиий газни тенг равишда етказиб беришни таъминлаш мақсадида, автобусларни сиқилган табиий газ билан таъминлайдиган АГТКШлар сони 11 тагача қисқартирилган.
Шундан келиб чиқиб, “Ҳудудгаз пойтахт” филиали ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишувга кўра, пойтахтда фаолият юритаётган АГТКШлар рўйхати тасдиқланган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, АГТКШларга автобусларни етказиш жадвали ишлаб чиқилган.
Автобусларнинг АГТКШларгача бўлган масофасининг ошиши, қишда газ истеъмолининг кўпайиши ҳамда магистраль газ қувурларида босимнинг пасайиши туфайли, автобусларга ёқилғи қуйиш вақти сезиларли даражада ошган ва АГТКШлардаги навбатларнинг юзага келишига сабаб бўлган.
“Мазкур вазиятни тез фурсатда барқарорлаштириш, йўналишлардаги автобуслар ҳаракати ва оралиқ интервални сақлаб қолиш, шунингдек, йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти ва мутасадди бўлинмалар томонидан тунги навбатчилик ташкил этилган бўлиб, вазият доимий назоратда эканлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги метан “заправка”лар фаолияти чекланиши бошлангани маълум қилинган эди.