Зеленский илк бор 20 бандли тинчлик режаси мазмунини очиқлади
Олам
−
24 Декабрь 6056 5 дақиқа
Украина, АҚШ ва Россия сўнгги икки ой давомида муҳокама қилиб келаётган тинчлик режаси 20 банддан иборат. Бироқ асосий сиёсий ҳужжатдан ташқари, йўналишлар бўйича алоҳида қўшимча ҳужжатлар ҳам мавжуд. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг журналистлар билан учрашувдаги сўзларига таяниб, РБК-Украина хабар берди.
Зеленскийнинг айтишича, ҳозирда Украина, АҚШ, Европа ва Россия ўртасидаги сиёсий ҳужжат – тинчлик режасининг дастлабки лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Режанинг 20 бандида бошқа эҳтимолий ҳужжатларга ҳаволалар мавжуд.
Тинчлик режасидан ташқари қуйидаги ҳужжатлар ҳам бор:
- хавфсизлик кафолатлари бўйича уч томонлама ҳужжат: Украина, АҚШ ва Европа;
- икки томонлама ҳужжат: АҚШ томонидан Украинага бериладиган хавфсизлик кафолатлари;
- Украинани фаровон ривожлантириш бўйича йўл харитаси – АҚШ билан биргаликда ишлаб чиқилган, 2040 йилгача бўлган тикланиш ва иқтисодий ривожланиш концепциясини ўз ичига олган ҳужжат.
Украина учун тинчлик режаси: 20 бандда нималар бор?
1. Украинанинг суверенитети тасдиқланади.
2. Россия ва Украина ўртасида ҳеч қандай шартсиз тажовуз қилмаслик тўғрисидаги келишув назарда тутилади. Алоқа чизиғида мониторинг механизми яратилади.
3. Украина мустаҳкам хавфсизлик кафолатларига эга бўлади.
4. Тинчлик даврида Украина Қуролли кучлари сони 800 минг нафар даражасида белгиланади.
5. АҚШ, НАТО ва Европа Украинага НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини беради. Агар Россия Украинага бостириб кирса, ҳарбий жавоб берилади ва санкциялар қайта тикланади. Агар Украина Россияга бостириб кирса ёки провокациясиз Россия ҳудудига ўқ узса, хавфсизлик кафолатлари бекор қилинади. Агар Россия Украинага қарата ўқ узса, хавфсизлик кафолатлари кучга киради. Шунингдек, АҚШга кафолатлар эвазига компенсация масаласи бўйича қўшимча бўлган, аммо ҳозир у олиб ташланган. Ушбу келишув доирасида икки томонлама хавфсизлик кафолатлари ҳам истисно этилмайди. Хусусан, “кўнгиллилар коалицияси” давлатлари хавфсизлик кафолатларида иштирок этиши мумкин.
6. Россия Европа ва Украина билан боғлиқ тажовуз қилмаслик сиёсатини барча зарур қонунларда мустаҳкамлайди.
7. Украина аниқ белгиланган вақтда Европа Иттифоқига аъзо бўлади ҳамда Европа бозорига қисқа муддатли имтиёзли кириш ҳуқуқини олади. Украина учун ЕИ аъзолиги хавфсизлик кафолатларининг бир қисми ҳисобланади ва Украина аъзолик санасини мустаҳкамлашни хоҳлайди.
8. Украина учун мустаҳкам глобал ривожланиш пакети назарда тутилади. У алоҳида инвестиция келишувида белгиланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади: инвестициялар учун ривожланиш фонди, газ инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудларни қайта тиклаш, фойдали қазилмалар ва табиий ресурсларни қазиб олиш.
9. Тикланиш масалаларини ҳал этиш учун бир нечта фондлар ташкил этилади. Мақсад – 800 миллиард доллар жалб қилиш.
10. Мазкур келишувдан сўнг Украина АҚШ билан эркин савдо битимини тузиш жараёнини тезлаштиради. АҚШнинг позицияси шундан иборатки, улар Украина билан ҳам, Россия билан ҳам эркин савдо битими ҳақида гапирмоқда.
11. Украинанинг ядросиз мақоми.
12. Запорожье атом электр станцияси масаласи. Бу борада муросага келинмаган. АҚШ Украина, АҚШ ва “россияликлар” ўртасида қўшма бошқарувни таклиф қилмоқда – уч томон тенг улушда дивиденд олади. АҚШ “33 фоиз – 33 фоиз – 33 фоиз” вариантини таклиф қилмоқда ва бунда асосий менежер АҚШ бўлади. Украинанинг муросавий таклифи: АЭС АҚШ ва Украина томонидан 50 га 50 асосида бошқарилади. Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 50 фоизи Украинага берилади, қолган 50 фоиз бўйича эса АҚШ ўзи тақсимотни белгилайди. Шу билан бирга, АЭС, Энерходар ва Каховка ГЭС демилитаризация қилиниши керак.
13. Украина ва Россия мактабларда ва бутун жамиятда турли маданиятларни тушуниш ва уларга бағрикенгликни ривожлантирувчи, ирқчилик ва камситишларни бартараф этишга қаратилган таълим дастурларини жорий этиш мажбуриятини олади. Украина диний бағрикенглик ва озчилик тилларини ҳимоя қилиш бўйича ЕИ қоидаларини жорий қилади.
14. Ҳудудлар масаласи – энг мураккаб банд. Таклиф қуйидагича бўлган: Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида ушбу келишув имзоланган санадаги қўшинлар жойлашуви де-факто алоқа чизиғи сифатида тан олинади. Келишув кучга кириши учун Россия ўз қўшинларини Днепропетровск, Николаев, Суми ва Харков вилоятларидан олиб чиқиши керак.
Украинанинг позицияси. Зеленскийнинг тушунтиришича, Россия Украинанинг Донецк вилоятидан чиқишини хоҳлайди, АҚШ эса муроса сифатида эркин иқтисодий зона таклиф қилмоқда. Агар “қаерда турган бўлсак, ўша ерда қоламиз” вариантига келишилмаса, эркин иқтисодий зона фақат референдум орқали қабул қилиниши мумкин. Шу билан бирга, Зеленский АҚШ референдум ўтказишни хоҳлаётганини, бироқ овозга алоҳида масала эмас, балки бутун ҳужжат қўйилиши кераклигини таъкидлаган. Референдум ўтказиш учун камида 60 кун керак бўлади ва бу даврда реал ўт очишни тўхтатиш бўлиши лозим.
15. Келажакдаги ҳудудий масалалар келишиб олингач, Россия ҳам, Украина ҳам бу келишувни куч ишлатиб ўзгартирмаслик мажбуриятини олади.
16. Россия Украинага Днепр дарёси ва Қора денгиздан тижорий мақсадларда фойдаланишга тўсқинлик қилмайди. Алоҳида денгиз келишуви ва кириш тўғрисидаги битим тузилади, у кемалар қатнови ва юк ташиш эркинлигини қамраб олади. Ушбу келишув доирасида Кинбурн қўлтиғи демилитаризация қилинади.
17. Очиқ масалаларни ҳал қилиш учун гуманитар қўмита тузилади. “Барчага барчани” тамойили асосида ҳарбий асирлар алмашинуви, болалар ва сиёсий маҳбусларни ҳам ўз ичига олган тинч аҳоли гаровдагиларини қайтариш, можародан жабрланганларнинг муаммолари ва азоб-уқубатларини бартараф этиш масалалари ҳал қилинади.
18. Украина келишув имзолангач, имкон қадар тезроқ сайловлар ўтказиши керак.
19. Ушбу келишув юридик жиҳатдан мажбурий бўлади. Унинг ижроси Тинчлик кенгаши томонидан назорат қилинади ва кафолатланади, кенгашга Трамп раислик қилади. Бузилиш ҳолатларида санкциялар назарда тутилади.
20. Барча томонлар келишувга рози бўлгач, дарҳол тўлиқ ўт очишни тўхтатиш кучга киради.
Шунингдек, Украина келишувни парламентда ратификация қилиш ёки уни тасдиқлаш учун умумхалқ референдумини ўтказиши кўзда тутилмоқда. Украина референдумни сайловлар билан бир вақтда ўтказишга қарор қилиши мумкин.
Келишув томонлар ўз мажбуриятларини бажаргач кучга киради. Хавфсизлик кафолатлари фақат келишув тўлиқ ратификация қилингандан ёки референдум орқали маъқуллангандан кейингина амал қилади.
Live
Барчаси