Ўзбекистонда бир йилда 212 киши иш жараёнида ҳалок бўлди
Жамият
−
24 Декабрь 1534 2 дақиқа
2025 йил давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 731 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди, буларнинг оқибатида 813 нафар ходим жабр кўрди, шундан 212 нафари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жураев 19 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Билдирилишича, 535 нафар шахс оғир, 26 нафари эса енгил тан жароҳатлари олган. Тармоқлар кесимида бахтсиз ҳодисаларнинг 198 таси қурилиш соҳасига, 43 таси енгил саноатга, 36 таси транспортга, 35 таси қишлоқ хўжалигига тўғри келган, қолганлари бошқа соҳаларда қайд этилган.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш жараёнида 2 372 та қонунбузарлик аниқланиб, мансабдор шахсларга нисбатан қарийб 1 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган, 196 та ҳолат бўйича эса жиноят ишлари қўзғатилган. Йил бошидан буён бахтсиз ҳодисалар туфайли ходимлар ва уларнинг оила аъзолари фойдасига 6,1 миллиард сўм компенсация тўловлари ундириб берилган.
Шунингдек, Давлат меҳнат инспекцияси 2025 йил давомида 13 минг нафар ходим фойдасига тўланмаган иш ҳақларидан жами 159 миллиард сўм ундирилишини таъминлаган. Ушбу қоидабузарликларга йўл қўйган 8 259 нафар мансабдор шахсга нисбатан жами 22 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.
Меҳнат хавфсизлиги ва техника хавфсизлиги масалалари бўйича ўтказилган текширувлар 7 327 та корхона ва ташкилотни қамраб олди. Улар давомида қарийб 11 мингта қоидабузарлик аниқланди.
Шунингдек, Марат Жураев меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кўпинча давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритувчи ташкилотларда, жумладан, ҳокимиятлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида кузатилаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, меҳнат инспекцияси Олий суд, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда қонунчиликни такомиллаштириш, жумладан, ишдан бўшатиш тартиби ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш масалалари устида иш олиб бормоқда. Марат Жураевнинг сўзларига кўра, вазирлик меҳнат муносабатлари бўйича сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда онлайн савол-жавоб тизимини жорий этиш устида ишлаяпти. Режага кўра, 10 мингта савол ва жавобдан иборат база яратилиб, фуқароларга онлайн тарзда маслаҳат олиш имкони яратилади.