Бортида Ливия Бош қўмондони бўлган самолёт Туркияда қулаб тушди (видео)
Олам
−
24 Декабрь 7475 2 дақиқа
Кеча, 23 декабрь куни кечқурун Туркияда Ливия Бош штаби бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддад бўлган бизнес-жет самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Х’даги саҳифасида эълон қилди.
Ҳодиса Анқара яқинида содир бўлган. Ливия расмийлари ҳарбий қўмондоннинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Анқарадаги Эсенбоға аэропортидан Триполига йўл олган самолёт қолдиқлари Ҳаймана туманидаги Кесиккавак қишлоғидан 2 километр жанубда топилган. Falcon 50 русумли самолёт билан алоқа парвоздан тахминан 40 дақиқа ўтиб узилган.
Самолёт бортида Муҳаммад ал-Ҳаддаддан ташқари яна тўрт киши бўлган. Унга маслаҳатчиси Муҳаммад ал-Асави Диаб, Қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи генерал-лейтенант ал-Файтури Гариб, бригада генерали Маҳмуд ал-Кативий ҳамда Бош штаб матбуот хизмати фотографи Муҳаммад Умар Аҳмад Маҳжуб ҳамроҳлик қилган.
Ҳалокатдан сўнг Анқара аэропортидаги парвозлар вақтинча тўхтатилган. Айрим ОАВлар Ҳаймана яқинида кучли товуш эшитилганини ёзди.
Ливия Бош вазири Абдул Хамид Дбейба ҳалокат делегациянинг Анқарага расмий ташрифдан қайтаётган пайтида содир бўлганини билдириб, беш кишининг ўлимини мамлакат учун “катта йўқотиш” деб атаган.
Ливия Алоқа вазири Валид ал-Лафий “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида ҳалокатга учраган самолёт Ливияга тегишли бўлмагани, балки ижарага олинганини айтган. Унинг сўзларига кўра, учишдан кўп ўтмай экипаж техник носозлик ҳақида диспетчерларга хабар берган. Самолёт электр тизимидаги носозлик сабабли Эсенбоға аэропортига фавқулодда қўнишга уринган.
Анқара Бош прокуратураси мазкур авиация ҳалокати юзасидан тергов бошлаган. ОАВнинг ёзишича, Муҳаммад ал-Ҳаддад Ғарбий Ливияда армиянинг бош қўмондони бўлиб, мамлакатдаги бўлинган қуролли кучларни бирлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексика Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли King Air ANX 1209 самолёти АҚШнинг Техас штатидаги Галвестон шаҳри яқинида қўниш пайтида ҳалокатга учраганди. Дастлабки маълумотларга кўра, 5 киши ҳалок бўлган, уларнинг ичида 2 ёшли бола ҳам бор.
Live
Барчаси