Орбан Украинага ёрдами бўйича ЕИнинг “Б режаси”ни блоклади

Олам

image
Орбан 14-марта Путин билан учрашди. Бу гал Лавров ҳам “саҳна”га қайтди north_east

Орбан 14-марта Путин билан учрашди. Бу гал Лавров ҳам “саҳна”га қайтди

Венгрия Украинага ёрдам кўрсатиш учун еврооблигациялар чиқариш имкониятини расман инкор этди. Бу қадам Европа Иттифоқини Киевга 165 миллиард евро кредит ажратиш учун музлатилган Россия давлат активларини қандай йўл билан ишлатиш масаласи ҳал бўлмаса, амалга оширилиши мумкин бўлган эҳтимолий “Б режа”сиз қолдиради. Бу ҳақда кеча, 5 декабрь куни европалик дипломатларга таяниб, “Politico” нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Будапештнинг 90 миллиард евро миқдорида, ЕИнинг етти йиллик бюджети билан таъминланадиган қўшма облигациялар чиқариш таклифидан воз кечиши Германия канцлери Фридрих Мерц ва Бельгия Бош вазири Барт де Вевернинг Брюсселдаги учрашуви олдидан, атиги бир неча соат муқаддам маълум бўлган. Учрашувда ушбу кредит масаласи муҳокама қилиниши кутилган эди.

“Мен Бельгия Бош вазирининг хавотирларини жиддий қабул қиламан. Мен уни қайта ишонтирмоқчи эмасман, балки таклиф қилинаётган йўлнинг тўғрилигини англатмоқчиман”, деди Мерц журналистларга. 

У шу мақсадда Норвегияга режалаштирилган сафари бекор қилинганини ҳам маълум қилди.

Дипоматик манбалар “Politico”га маълум қилишича, еврооблигациялар Украина учун альтернатив ёрдам воситаси бўлиши мумкин эди. Берлин таклифига кўра, Бельгия Россиянинг музлатилган активларини Украинага беришга рози бўлиши учун ЕИ бюджетининг 25% қисми кафолат сифатида ажратилиши керак. Аммо Барт де Вевер бундан кўра кенгроқ кафолатларни талаб қилмоқда, Бельгия компенсацияни тўлиқ ёки ундан ҳам ортиқ ҳажмда қопланишига ишонч изламоқда.

3 декабрь куни Еврокомиссия Украина бюджети 2026 йил апрелигача молиялаштирилиши кафолатланиши учун еврооблигацияларни активлар билан таъминланган механизм сифатида таклиф қилди. Бироқ ЕИ бюджети ҳисобидан давлат қарзини ошириш учун 27 давлатнинг барчаси ягона қарор қабул қилиши лозим – бу эса Венгрия қаршилиги туфайли ҳозирча имконсиз.

“Bloomberg” маълумотига кўра, АҚШ баъзи ЕИ мамлакатларини музлатилган Россия активларининг бир қисмини Украинага кредит қарзини қайтариш учун ишлатиш режасига қарши чиқишга кўндирмоқда. Манбаларнинг айтишича, Вашингтон бу активлар Москва ва Киев ўртасидаги мумкин бўлган тинчлик келишувини таъминлаш учун муҳим, шу сабаб урушни давом эттириш учун сарфланмаслиги керак, деб ҳисоблайди.

Ноябрь ойида Бельгия Бош вазири ҳам худди шу далилни келтирган – ЕИ режаси бўлажак тинчлик битими имкониятларини хавф остига қўйиши мумкинлигини айтган.

ОАВ хабарига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан олиб борилаётган тинчлик музокаралари пайтида ЕИда музлатилган Россия активларини АҚШга ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Германия канцлери Фридрих Мерц бу фикрга қарши чиқиб, бундай активларни АҚШга топшириш “иқтисодий жиҳатдан амалда имконсиз” ва бу “Европанинг ички масаласи” эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Украина Венгрия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг