Энди ҳарбий олийгоҳ битирувчилари ўқиш харажатларини қайтаради, агар...

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда 5 йил хизмат ўтамаган ҳарбий олий таълим муассасаси битирувчилари ўқиш харажатларини қайтаради. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь куни Президент қарори билан ўзгартириш ва қўшимча киритилган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги низомда сўз боради.

Қарор билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчилари ўқишни битиргандан сўнг офицер лавозимларида 5 календарь йил давомида хизматни ўтамаганда, улардан ўқитиш учун сарфланган маблағлар ундириб олиниши белгиланди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фуқаролар олий ҳарбий таълим муассасасини тамомлагандан сўнг 5 календарь йил мобайнида офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни ўташи, хизматни ўтамаганда ўқитиш учун сарфланган маблағларни давлат бюджетига қайтариши лозимлиги белгиланган. 

Шу билан бирга, бугунги кунда олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчилари нафақат ҳарбий хизматчи бўлиб, балки ходим сифатида ҳам хизматни ўташ учун бошқа вазирлик ва идораларга юборилаётгани сабабли ушбу битирувчиларнинг ходим сифатида 5 календарь йил давомида хизматни ўташга мажбурлигини қонунчиликда белгилаш зарурати юзага келган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида”ги низом билан Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланганди. Унга кўра, чақирилувчилар танловда 1 йилда фақат 1 марта иштирок этиши мумкин. Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбий олий таълим муассасаси ҳарбий олийгоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар