Россия Украинага сўнгги 2,5 йилдаги энг кўп ракета зарбаларини берди – ОАВ

Олам

image

Жорий йилнинг октябрь ойида Россия Украинага 2023 йил бошидан бери ҳисоблаганда энг кўп ракета ҳужумларини уюштирди. Бу ҳақда Украина ҳаво кучлари ҳар куни эълон қилиб борадиган статистик маълумотлар таҳлилига таяниб, AFP хабар берди.

AFP маълумотига кўра, Россия армияси бир ой ичида 270 та ракета учирган – бу сентябрдагидан 46 фоиз кўп. Ушбу кўрсаткич 2023 йил бошида Киев бундай маълумотларни мунтазам эълон қила бошлагандан бери энг юқори сон ҳисобланади. Шу билан бирга, Россия октябрда 5298 та узоқ масофали дрон учирган – бу эса сентябрга нисбатан 6 фоизга кам, аммо ҳали ҳам энг юқори кўрсаткичларга яқин.

Қайд этилишича, мазкур ҳужумлар Москванинг Украина энергетика инфратузилмасига қарши қаратилган, қиш мавсумида тўртинчи йил давом этаётган кампаниясининг давоми ҳисобланади. Киев ва унинг ғарбий иттифоқчилари бундай ҳаракатларни террор сифатида баҳолаб, тинч аҳолини ҳолдан тойдиришга уриниш деб атамоқда.

Бунга жавобан Украина томони Россиянинг нефть базалари ва нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар бериб, мамлакат ичкарисида ёқилғи таъминотини издан чиқариш ва дефицит юзага келтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ёнғин ва вайронагарчиликлар туфайли Украина вилоятларида, жумладан пойтахт Киевда электр энергиясини режалаштирилган ўчириш чораси қайта жорий этилган. Украина Президенти Владимир Зеленский октябрь ойида Россиянинг мақсади “тартибсизлик келтириб чиқариш” ва энергетика ҳамда темирйўл инфратузилмасига зарбалар орқали аҳолига психологик босимни кучайтириш эканини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг август ойидан бери Россия Украина ҳудудига камида 23 та 9М729 туридаги ракета учиргани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ракеталар оддий ёки ядровий жанговар каллаклар билан жиҳозланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина ракета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг