Россия самолётлари Суриядаги ҳарбий базага парвозларни тиклади – ОАВ

Олам

image

Россиянинг юк самолётлари яна Суриянинг Латакия вилоятидаги Хмеймим авиабазасига парвоз қилишни бошлади. Бу ҳақда “Flightradar24” маълумотларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Кузатувларга кўра, жорий йилнинг 26 октябрь куни Россия ҳаво кучларига тегишли Ил-62М транспорт самолёти Ливиядан Латакияга учиб борган, сўнг у ердан Москва вилоятига қайтган. Шунингдек, оғир юкларни ташишга мўлжалланган Ан-124-100 “Руслан” самолёти 24 октябрдан бери Хмеймим базасига уч марта борган. “Flightradar24” маълумотларига кўра, унинг сўнгги рейси кеча, 29 октябрь куни амалга оширилган.

Кремлга яқин манба махфийликни сақлаш шарти билан Россиянинг ҳарбий базага парвозларни қайта бошлаганини тасдиқлаган. “Bloomberg”нинг ёзишича, Россия юк самолётлари қарийб олти ойлик танаффусдан сўнг Сурияга парвозларни қайта йўлга қўйган. Бу Москва ва Суриянинг янги ҳукумати – собиқ президент Башар Асад режимини ағдариб ташлаган кучлар ўртасида муносабатларни тиклашга уринишлар фонида юз бермоқда.

Маълумот учун, Латакия вилоятидаги Жаблия шаҳри яқинида жойлашган Хмеймим авиабазаси, шунингдек, Тартусдаги денгиз базаси билан бирга 2017 йилда Асад ҳукумати даврида Россияга 49 йилга ижарага берилган. Ушбу объектлар Кремлнинг Яқин Шарқ ва Африкадаги таъсирини кенгайтириш, шунингдек, қўшинлар, ёлланма жангчилар ва қуролларни ташиш маркази сифатида хизмат қилган.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов ва Сурия Мудофаа вазири Махраф Абу Касра учрашув ўтказган.

“Бизнинг сиёсий етакчиларимиз ва ҳарбий идоралар ўртасидаги алоқалар мазмунли, самарали ва катта истиқболга эга”, дея таъкидлаган Россия вазири.

Учрашувда томонлар “икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини амалга ошириш” масалаларини муҳокама қилган.

Бу музокаралар Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаранинг Москвага сафаридан қарийб икки ҳафта ўтиб бўлиб ўтган. У ўша пайтда Хмеймим ва Тартусдаги Россия базаларининг тақдири муҳокамада қолаётганини билдирганди. Шара Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган, учрашувда Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Бироқ жорий йилнинг 18 октябрь куни Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шибоний икки давлат раҳбарларининг музокаралари якунида Россия базаларининг тақдири ҳал этилмаганини маълум қилган. У томонлар мавжуд битимларни, шу жумладан, ушбу масалага оид келишувларни қайта кўриб чиқишни муҳокама қилганини билдирган. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Сурия ва Россия “Россия ҳарбий объектларининг функционал ролини қайта шакллантириш” масаласида ёпиқ музокаралар олиб борганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия самолёт Хмеймим авиабазаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг