Халқаро теннис федерацияси номини ўзгартирмоқда
Спорт
−
21 Октябрь 2025 1206 2 дақиқа
Халқаро теннис федерацияси (ITF) ўзининг йиллик умумий йиғилишида муҳим қарор қабул қилди. Ташкилот 2026 йилдан бошлаб “World Tennis” номи остида фаолият юритади. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
Бу қарор ITF Кенгаши ва Ижроия кенгаши томонидан тавсия этилган ҳамда делегатлар томонидан кўпчиликнинг овози билан маъқулланган. Номнинг ўзгариши федерациянинг глобал бошқарув органи сифатидаги ролини янада аниқроқ ифодалаш, шунингдек, тенниснинг дунё бўйлаб ривожланиши ва ўсишига қўшаётган ҳиссасини акс эттириш мақсадида амалга оширилган. Янги “World Tennis” номи спорт мутасаддилари, аъзолари ва манфаатдор томонлар билан ўтказилган кенг кўламли тадқиқотлар натижасида танланган.
Ўзгариш ITF брендининг босқичма-босқич эволюциясининг бир қисми бўлиб, аввалроқ жорий этилган Tennis World Tour ва World Tennis Number суб-брендлари билан узвий боғлиқ. Федерация янги ном орқали ўйинчилар, мухлислар ва ҳамкорлар учун янада танилувчан ва замонавий глобал бренд яратмоқчи.
“ITF сифатида 110 йиллик фахрли тарихга эгамиз, эндиликда эса “World Tennis” номи остида бутун дунё бўйлаб спортни ривожлантиришни давом эттиришдан мамнунмиз. Бу эволюция бизнинг глобал бошқарув органи сифатидаги ролимизни кучайтиради ва теннисни янада бирлаштиради”, дейди ITF президенти Дэвид Хаггерти.
Маълумот учун, 1913 йилда Парижда Халқаро майса теннис федерацияси сифатида ташкил этилган бу ташкилот 1977 йилда Халқаро теннис федерацияси номини олган эди. Янги “World Tennis” бренди эса 2026 йил 1 январдан расман кучга киради ва ёз ойларида тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган.