Қумқўрғон ҳокими газ йўқлиги учун тезак ёқиш кераклигини айтди (видео)
Жамият
−
16 Октябрь 7573 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов газнинг “таги йўқлиги” учун тезак ёқиш кераклигини айтди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 12 сентябрь куни халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгашининг 10-сессиясида гапирди.
“Олимлар, мутахассислар томонидан бу йил қиш совуқ келади деган прогноз қилиняпти. Шунинг учун, биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўришимиз керак. Қор-ёмғир ёққан кунлари халқ қийналмаслиги керак”, дейди ҳоким.
Шунингдек, у қиш келганча, симёғоч ва трансформаторларни таъмирлаш кераклигини ва энг асосий муаммо электр энергияси билан боғлиқ эканини айтган. Бундан ташқари, “Қумқўрғон туман газ” филиали бошлиғи И.Мустафоқулов ҳисобот ўқиган. Туман ҳокими эса газ билан боғлиқ муаммоларга тўхталган.
“Ҳеч ким тезак қилмайди. Тезак қилиб, уйларда чалмаларни босиб қўйиб, қишда қор ёғдими, иккита тайлаб қўйсанг ўтирганинг-ку. Нимага энди биз фақат газ-газ деб қолдик. Тушунганларинг учун айтяпман-да, бунинг таги бўлса қани, таги йўқ-да”, дейди ҳоким.
Маълумот учун, Анвар Нормаматов Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимига 2022 йилнинг июнь ойида тайинланганди. У 1981 йил 10 мартда Ангор туманида туғилган. 2003 йил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида кўмир омборига тўпланган фуқаролардан айримлари белгиланган графикка риоя қилмай кўмир олишга уриниши оқибтида тартибсизлик келиб чиққан эди.