Моди Россиядан нефть сотиб олмасликка ваъда берди – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг айтишича, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди унга Россиядан нефть харид қилмасликка ваъда берган. Бу ҳақда Трамп кеча, 15 октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда айтди.

“Мен Ҳиндистоннинг [Россиядан] нефть сотиб олаётганидан норози эдим. Бугун у (Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди) менга Россиядан нефть харид қилмаслигини тасдиқлади. Бу катта қадам. Энди биз Хитойни ҳам худди шу ишни қилишга мажбур қиламиз”, деди Трамп.

Август ойи бошида Трамп Ҳиндистондан келаётган товарларга қўшимча импорт божларини жорий этиш ҳақида фармойишни имзолаганди. Янги божлар 25 фоизни ташкил этди. Ушбу қарорнинг сабаби сифатида Трамп Ҳиндистоннинг Россиядан нефть харид қилишни давом эттираётганини кўрсатган.

Бундан бироз олдин “The New York Times” ва “Reuters”нинг манбаларга таяниб хабар беришича, Ҳиндистон АҚШ томонидан божлар ва жарималар таҳдидига қарамай, Россиядан нефть сотиб олишни давом эттиради.

Сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида сўзлаган Трамп Хитой ва Ҳиндистонни Россия нефтини харид қилаётгани учун Украинадаги можаронинг “асосий ҳомийлари” деб атади.

АҚШ, ўз навбатида, “Катта еттилик” (G7) мамлакатларига Хитой ва Ҳиндистонга нисбатан Россия нефтини харид қилгани учун 50 фоиздан 100 фоизгача бож жорий этишни таклиф қилган. Шунингдек, Трамп Европа Иттифоқини ҳам Россиядан нефть олаётган бу давлатларга босимни кучайтириш мақсадида Ҳиндистон ва Хитойдан келадиган товарларга 100 фоизгача бож жорий этишга чақирган.

Россия Президенти Владимир Путин эса агар Ҳиндистон Россия энергия манбаларига рад жавоб берса, ўзини зарарга қўйишини айтганди. 

“Бу зарарни турлича ҳисоблашади, баъзилар бу 9–10 миллиард долларга етиши мумкин, дейишади. Агар рад этмаса – унга юқори бож шаклида санкциялар қўлланилади, бу ҳам зарар. Демак, ҳар ҳолда зарар бўлса, унча нимага керак рад этиш?” деган Путин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Дональд Трамп нефть Ҳиндистон Нарендра Моди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг