Сеулда илк бор ядровий бункер қурилади

Олам

image

Жанубий Корея ҳукумати пойтахт Сеулдаги Сонпха-гу округининг Гарак-дон туманидаги тураржой мажмуаси остида биринчи фуқаролик ядровий бункерини қурмоқчи. Бу ҳақда “Korea Herald” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳа КХДР томонидан кучайиб бораётган ҳарбий таҳдидлар ва глобал беқарорлик, жумладан, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши туфайли аҳоли хавфсизлигини кучайтириш чораларининг бир қисми бўлади. Пойтахт ҳукумати ва Сеул уй-жой ва коммунал хизматлар корпорацияси 2028 йилгача объект қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.

Маълумотларга кўра, ерости бошпанаси фуқароларни эҳтимолий ядровий, биологик ва кимёвий ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Янги тураржой мажмуаси учинчи ертўла даражасида жойлашган бўлиб, 16 та кўп қаватли уйларни ўз ичига олади. 22 та ерусти ва 3 та ерости қавати бўлган бинода жами 1240 та хонадон бўлади. Бункер эса қарийб 2147 квадрат метр майдонни эгаллайди ва бир вақтнинг ўзида 1020 кишига яшириниш имконини беради. Унда шамоллатиш, сув етказиб бериш ва сақлаш тизимлари, шунингдек, канализация ҳам бўлади. Бу эса фавқулодда вазиятда одамларнинг 14 кунгача ер остида мустақил яшашига имкон яратади.

Лойиҳанинг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг икки томонлама мақсади бўлади: тинчлик даврида бино жамоат фитнес маркази сифатида ишлатилади. Бу маҳаллий ҳукумат томонидан аниқ фуқаролик мақсадларида қурилган ва ядровий портлаш таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари билан жиҳозланган биринчи бундай объект бўлади.

Шаҳар маъмурияти ушбу ташаббус фуқаро мудофааси тизимини янги воқеликка мослаштириш зарурати билан боғлиқлигини маълум қилган.

“Замонавий таҳдидлар аввалгиларидан фарқ қилади. Биз ушбу лойиҳани бошпаналарнинг ролини кенгайтириш ва Сеул аҳолиси хавфсизлигини ошириш учун ишга туширмоқдамиз”, дейилади шаҳар маъмурияти баёнотида.

Бункер қурилиши 2024 йил март ойида расмийлар томонидан тақдим этилган “Сеул мудофааси-2030” дастурига мос келади. Унинг доирасида шаҳарда ядровий, биологик ёки кимёвий ҳужумлар содир бўлган тақдирда аҳолини ҳимоя воситалари билан таъминлашга қодир бўлган ҳимояланган бошпаналар тармоғини яратиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Виржиния штатида, Вашингтон шаҳридан унчалик узоқ бўлмаган жойда дунёнинг энг бой 625 кишисини ядровий уруш ҳолатида ҳимоя қилиш учун Aerie (“Қуш ини”) номли ерости бункери қурилиши ҳақида хабар берилганди. Бункерни қуриш учун сарфланадиган маблағ 300 миллион долларни ташкил этади. Унда бассейнлар, боулинг, скаляр девор ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган тиббиёт тизимлари мавжуд бўлади.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жанубий Корея КХДР Сеул ядровий бункер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг